Уй-жойга сармоя ёки банк омонати: Тошкентда қайси бири даромадлироқ?

Пойтахтда уй-жойга йўналтирилган инвестицияларнинг даромадлилиги сўнгги бир йил ичида 6,2 фоиздан 14,6 фоизгача сезиларли ошди. Бироқ, бу омонатлардан ўтиб кетишга етарли бўлмади. Шунга қарамай, 1 хонали квартираларнинг ўзи банк омонатларидан ҳам юқори даромад бермоқда.

Уй-жойга сармоя ёки банк омонати: Тошкентда қайси бири даромадлироқ?

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида кўп қаватли уй-жойларга инвестицияларнинг даромадлилигини таҳлил қилди.

2026-йил мартда Тошкент шаҳрида уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги 14,6 фоизгача етди. (2025-йил мартда 6,2 фоиз). Бунда, ижарадан келадиган ўртача даромад 8,7 фоиздан 8 фоизгача камайган бўлса, уй-жойларнинг ўртача нархи 6,6 фоизга қимматлади.

Лекин, уй-жойга инвестициялар даромадлилиги кўчмас мулкнинг жойлашган ҳудуди ва хоналар сонига қараб бир-биридан сезиларли даражада фарқланади:

1 хонали: Миробод — 50 фоиз (2025-йил март — 1 фоиз), Бектемир — 19,3 фоиз (22,8 фоиз);

2 хонали: Юнусобод — 24,8 фоиз (0,5 фоиз), Яккасарой — 13 фоиз (16,5 фоиз);

3 хонали: Миробод — 12,9 фоиз (9,5 фоиз), Чилонзор — 3,8 фоиз (8,7 фоиз);

4 хонали: Яккасарой — 18,5 фоиз (12,2 фоиз), Бектемир — -14,1 фоиз (4,3 фоиз).

1

Сўнгги 1 йилда Тошкент шаҳри туманлари кесимида уй-жой даромадлилигининг ўртачадан оғиши (стандард девиатион) 2,8 фоиздан 5,5 фоизгача етган. Бу кўрсаткич Тошкент шаҳри туманларида уй-жой нархлари кескин фарқланиб бораётганлигидан далолат беради. 

Уйлар нархи ўзгаришидан олинадиган даромад

2025-йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида уй-жой харид қилиб, жорий йил март ойида ушбу уйни сотишга тўғри келган инвесторлар бир йил ичида уй-жойлар бозор қийматининг ошишидан уйни харид нархидан ўртача 6,6 фоиз даромад қилган. 

Хусусан, ушбу кўрсаткич Чилонзор туманида -1,9 фоизни, Бектемир туманида 0,8 фоизни, Яшнабод туманида 3,1 фоизни ташкил қилган бўлса, Тошкент шаҳрининг нисбатан қиммат уй-жойлари жойлашган Миробод туманида 16,6 фоиз ва Яккасарой туманида 12,4 фоизгача етди.

Ижарадан олинадиган даромад

Жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар ижарасидан олинадиган ўртача даромад 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 0,7 фоизга пасайиб, 8 фоизни ташкил қилди. 

Мазкур даврда, ушбу кўрсаткич бўйича энг юқори ўртача даромадлилик Шайхонтоҳурда 9,1 фоиз (2025-йил март ойида — 9,3 фоиз) ва Яшнободда 8,4 фоиз (8,8 фоиз) қайд этилди.

1 хонали уйлар анча даромадлироқ

Сўнгги бир йил давомида 1 хонали уйларнинг даромадлилик кўрсаткичи сезиларли даражада кўтарилди. Агар 2025 йил март ойида даромадлилик 9,3 фоиз бўлган бўлса, 2026 йил март ойида бу рақам 29,8 фоизгача ўсди. 

2

Бу даврда икки хонали уйларнинг даромадлилик кўрсаткичи ҳам 4,8 фоиздан 17,4 фоизга кескин ўсиш кўрсатди. 3 хонали хонадонларнинг ўртача даромадлилиги 8,7 фоизни (6,2 фоиз), 4 хонали хонадонларда 2,4 фоизни (4,4 фоиз) ташкил қилди. 

Банк депозитлари 

2025-йил мартидан 2026-йилнинг феврал ойигача бўлган даврда жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 4,9 фоиз атрофида тебраниб турган бўлса, миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича ўртача ставка 21,2 фоизни ташкил этган. 

Жисмоний шахсларнинг сўмдаги муддатли омонатлари бу даврда 22,1 фоиздан 20,4 фоизгача, 1,7 фоизга пасайди. Бироқ, бу ҳам кўчмас мулкнинг ўртача даромадлилиги омонатлардан ўтиб кетишига етарли бўлмади. 

Ушбу рақамлар, бир томондан, уй-жойнинг инвестициявий даромадлилиги жисмоний шахсларнинг чет эл валютасидаги муддатли депозитларидан олинадиган ўртача даромадлилигидан юқори бўлса-да, миллий валютадаги депозитлар бўйича фоиз ставкалари жозибадорлиги юқорилигича сақланиб қолаётганини кўрсатади.

Қайси бири маъқулроқ? 

Таҳлиллар маблағни сармоя қилишда бир қанча омиллар эътибор қаратиш зарур эканини кўрсатмоқда. 

Банк омонатлари умумий ҳисобда кўчмас мулкнинг даромадлилига нисбатан жозибадорроқ шаклланмоқда. Бироқ, Тошкентдаги 1 хонали ва айрим ҳудудлардаги 2 хонали уйлар ўтган бир йил давомида омонатлардан кўпроқ даромад келтирди. 

Омонатларнинг устун томони сифатида хавфсизлик ва кафолатланган даромадни қайд этиш керак. Кўчмас мулкка сармояда эса риск бор — шунга яраша юқорироқ даромад ҳам олиш мумкин. 

Бундай ҳолатда таҳлилчилар томонидан капитални диверсификация қилиш тавсий қилинади. 

Кўриб чиқилаётган вариантлар орасида инвесторлар учун маблағларини долларда сақлаш, доллар омонатларига қўйиш энг нотўғри қарор сифатида кўрилмоқда. Ўзбек сўми 2025 йилда долларга нисбатан 6,8 фоизга мустаҳкамланганди. 2026 йилда ҳам сўм ҳозирча ўз қадрини ушлаб турибди. 

Teglar

Mavzuga oid