Тошкент ҳокими йўлларни таъмирлашга 14 млрд сўм ажратди

Bugun 16:291 daqiqa

Пойтахтнинг ҳар бир туманидаги ободонлаштириш бошқармасига 1 млрд сўмдан маблағ берилиши белгиланди.

Тошкент ҳокими йўлларни таъмирлашга 14 млрд сўм ажратди © Foto: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Тошкент шаҳрида йўлларни таъмирлаш ишлари учун 14 млрд сўм маблағ ажратилади. Бу пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг кеча, 17-апрел куни қабул қилинган «Тошкент шаҳридаги айрим йўлларни таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳридаги айрим йўлларни таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатлар учун шаҳарнинг 12 туманидаги Ободонлаштириш бошқармаларига 1 млрд сўмдан маблағ ажратилади. Қолган 2 млрд сўм эса Шаҳар марказий кўчаларидан фойдаланиш, уларни сақлаш ва таъмирлаш ихтисослаштирилган бошқармасига ўтказилади.

Пул қаердан олинади?

Ҳужжатда мазкур маблағлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан пойтахтдаги айрим йўлларни таъмирлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун ажратиш қайд этилган.

Мазкур қарор ижроси устидан назорат Тошкент шаҳар ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов зиммасига юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2026-йил 6-мартдаги қарори билан Сергели туманидаги маҳалладан оқиб ўтувчи канал устида кўприк қурилиши учун 1 млрд 860 млн сўм пул ажратилганди. Бунгача эса ижтимоий тармоқларда олдинги кўприк олиб ташлангани сабабли болалар мактабга қатнаш учун канал устидаги қувур (труба)дан ўтаётгани акс этган видео тарқалганди.

Teglar

Mavzuga oid