Logo

3 октябрдан Тошкент вилоятида сув ва канализация нархи ошади

Bugun 09:001 daqiqa

Тошкент вилоятида 3 октябрдан аҳоли ва айрим ташкилотлар учун ичимлик суви ҳамда оқова сув хизматлари тарифлари оширилади.

3 октябрдан Тошкент вилоятида сув ва канализация нархи ошади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

2026 йил 3 октябрдан Тошкент вилоятида аҳоли учун ичимлик суви ва оқова сув хизматлари қимматлашади. Бу халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг тегишли қарори билан тасдиқланган.

Янги тарифга кўра, аҳоли учун 1 куб метр ичимлик суви нархи ҚҚС билан 2 912 сўмдан 3 472 сўмга кўтарилади.

Оқова сув хизмати тарифи эса 1 456 сўмдан 1 680 сўмга ошади.

Шу тариқа, 1 куб метр ичимлик суви нархи 560 сўмга, оқова сув хизмати эса 224 сўмга қимматлайди.

Корхоналар учун тариф қанча бўлади?

Бюджет ва улгуржи ташкилотлар учун ҳам янги тарифлар белгиланган.

Уларга 1 куб метр ичимлик суви 17 920 сўм, оқова сув хизмати эса 4 480 сўм этиб белгиланган.

Сув ҳисоблагичи йўқ хонадонлар нима қилади?

Сув ҳисоблагичи ўрнатилмаган хонадонлар учун тўловлар белгиланган меъёр асосида ҳисобланади.

Бунда белгиланган меъёрга 1,5 баравар оширилган коэффициент қўлланади.

Нега тарифлар оширилмоқда?

Тарифларнинг оширилиши электр энергияси нархининг ўсиши, иш ҳақи ва солиқлар билан боғлиқ харажатларнинг ортиши, шунингдек, сув иншоотларини модернизация қилиш харажатлари кўпайгани билан изоҳланган.

Маълум қилинишича, ҳозир вилоятдаги 862 та сув иншоотининг қарийб 23 фоизи таъмирталаб ҳолатда.

Келгуси беш йилда сув таъминоти инфратузилмасини янгилаш ва қамровни кенгайтириш учун 7,88 трлн сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Ушбу маблағлар ҳисобидан марказлашган ичимлик суви таъминоти қамровини 95 фоизга, канализация тармоғи қамровини эса 45 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid