5 ойида Ўзбекистонда 21,5 мингдан ортиқ фуқарога ипотека кредитлари расмийлаштирилди
Шу билан бирга, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан 622,8 млрд сўмлик субсидиялар тўлаб берилган.
© istockЖорий йилнинг январ-май ойлари давомида Ўзбекистонда аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш ҳамда ипотека бозорини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасидаги тизимли ислоҳотлар фаол босқичда давом эттирилди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилишича, ҳисобот даврида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 21 553 нафар фуқарога умумий қиймати 6 583,7 млрд сўм бўлган ипотека кредитлари расмийлаштирилди.
Шу билан бирга, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида бюджетдан 622,8 млрд сўм миқдорида субсидия маблағлари ажратилди.
Субсидияларни ўзлаштириш ва банклар улуши
Ажратилган субсидияларни ҳудудлар кесимида ўзлаштириш даражаси бўйича қуйидаги вилоятлар етакчилик қилмоқда:
Хоразм вилояти — 34 фоиз; Жиззах вилояти — 31 фоиз; Сурхондарё вилояти — 30 фоиз; Наманган вилояти — 30 фоиз; Андижон вилояти — 29 фоиз.
Субсидияли ипотека кредитларини ажратишда энг юқори улушга эга бўлган етакчи бешлик (ТOП-5) тижорат банклари рўйхати қуйидагича шаклланди:
1. Бизнесни Ривожлантириш Банки — 59 фоиз;
2. Ипотекабанк — 54 фоиз;
3. Туронбанк — 52 фоиз;
4. Агробанк — 49 фоиз;
5. Алоқабанк — 45 фоиз.
Кредит миқдорлари ҳудудлар кесимида қандай?
Таҳлилларга кўра, ипотека кредитларининг энг юқори кўрсаткичлари пойтахт ҳиссасига тўғри келган. Тошкент шаҳрида максимал кредит миқдори 480 млн сўмни, ўртача ажратилган кредит миқдори эса 352 млн сўмни ташкил этди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса жисмоний шахсларга ажратилган максимал кредит ҳажми 380 млн сўмга етган бўлса, ҳар бир фуқарога тўғри келадиган ўртача кредит миқдори 296,5 млн сўм даражасида қайд этилди.





