Logo

«Octobank» Ўзбекистонда рақамли тўловларни ривожлантиришдаги ютуқлари учун Visa мукофотига сазовор бўлди

Kecha 17:572 daqiqa

Visa халқаро тўлов тизими «Octobank»ни Ўзбекистонда инновацион рақамли тўлов ечимларини муваффақиятли жорий этгани учун «Digital Wallets Launch Excellence» мукофоти билан тақдирлади. Ушбу мукофот банкнинг замонавий тўлов технологияларини ривожлантириш ва рақамли молиявий хизматлар имкониятларини кенгайтириш борасидаги ютуқларининг эътирофи бўлди.

«Octobank» Ўзбекистонда рақамли тўловларни ривожлантиришдаги ютуқлари учун Visa мукофотига сазовор бўлди

Мазкур мукофот «Octobank» жамоаси, Visa халқаро тўлов тизими ва ҳамкорларнинг бир неча ойлик самарали меҳнати ҳамда яқин ҳамкорлиги натижасидир. Лойиҳанинг режалаштиришдан тортиб амалга оширишгача бўлган барча босқичларида мутахассисларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари замонавий технологик ечимларни муваффақиятли жорий этиш ва мамлакат рақамли тўлов инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконини берди.

Халқаро эътироф ва самарали ҳамкорлик

Лойиҳани амалга оширишда «Octobank» ва Visa ўртасидаги стратегик ҳамкорлик муҳим ўрин тутди. Ушбу ҳамкорлик тажриба алмашиш, технологик экспертиза ва инновацион молиявий ечимларни ривожлантиришга бўлган умумий интилишга асосланган.

«Лойиҳанинг барча босқичларида кўрсатган ёрдами ва қўллаб-қувватлови учун Visa компаниясига миннатдорлик билдирамиз. Visa жамоасининг тажрибаси, профессионаллиги ва фаол иштироки ушбу мақсадга эришишда муҳим аҳамият касб этди. Бу самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир», — деди «Octobank» чакана бизнес блоки бошқаруви директори Антон Бороздин

«Digital Wallets Launch Excellence» мукофоти ҳамкорликдаги фаолиятнинг аҳамиятини кўрсатиб, «Octobank»нинг рақамли тўловлар соҳасида илғор технологияларни жорий этишга бўлган интилишини акс эттиради.

Мижозлар учун янги имкониятлар

Рақамли тўлов ечимларини ривожлантириш, аввало, мижозларга кўрсатилаётган молиявий хизматлар сифати ва қулайлигини оширишга қаратилган. Замонавий технологияларнинг жорий этилиши тезкор, қулай ва хавфсиз тўлов усулларини ривожлантиришга хизмат қилади ҳамда мижозларга кундалик ҳаётда рақамли молиявий хизматлардан янада самарали фойдаланиш имконини беради.

«Octobank» мижозлари учун бу нақд пулсиз ҳисоб-китоблар имкониятларини кенгайтириш, замонавий тўлов воситаларидан фойдаланишни янада қулайлаштириш ва хизмат кўрсатиш сифатини изчил ошириш истиқболларини англатади.

Банк молиявий операциялар хавфсизлиги ва қулайлигига қўйиладиган замонавий талабларни инобатга олган ҳолда инновацион ечимларни жорий этиш имконини берувчи технологик инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Рақамли тўловларни янада ривожлантириш

Қўлга киритилган мукофот «Octobank»нинг рақамли молиявий хизматларни ривожлантириш ва халқаро тўлов тизимлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш стратегиясини амалга оширишдаги муҳим босқич бўлди. Банк замонавий технологияларни жорий этиш, тўлов хизматларини такомиллаштириш ҳамда жисмоний шахслар ва бизнес вакиллари учун янги имкониятлар яратиш йўналишидаги фаолиятини давом эттиришни режалаштирмоқда. «Octobank» Ўзбекистонда рақамли тўлов экотизимини ривожлантириш, мижозларга янада қулай, оммабоп ва замонавий молиявий ечимларни тақдим этиш борасидаги ишларини изчил давом эттиради.

Visa мукофоти нафақат эришилган натижаларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи, балки мамлакатда рақамли тўловларни ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қўшимча рағбат ҳамдир.

Teglar

Mavzuga oid