АҚШ доллари нега заифлашиши мумкин – уруш, нефт ва бозор таҳлили

Яқин Шарқдаги уруш фонида ўсган АҚШ доллари нега заифлашиши мумкин? Валюта таҳлилчилари прогнозлари, нефт нархлари ва бозор тенденциялари таҳлили.

АҚШ доллари нега заифлашиши мумкин – уруш, нефт ва бозор таҳлили

Яқин Шарқда феврал охирида бошланган урушдан бери АҚШ долларининг ўсиши, можаро деэскалацияси фонида унинг ҳимоя активи сифатидаги жозибадорлиги пасайиши билан йўққа чиқиши мумкин, деб ҳисоблайди «Reuters» томонидан сўров ўтказилган валюта стратеглари.

Уларнинг фикрича, уруш бошида долларнинг яқиндаги мустаҳкамланиши асосан қисқа позицияларни ёпиш билан боғлиқ бўлиб, бу АҚШ валютасига барқарор талабни акс эттирмайди.

АҚШ доллари билан нима бўляпти?

Яқин Шарқдаги уруш бошланганидан бери доллар индекси дунёнинг 10 та асосий валютаси саватчасига нисбатан тахминан 2 фоизга ўсди. 27-мартдан 1-апрелгача ўтказилган ва қарийб 70 нафар валюта таҳлилчилари иштирок этган «Reuters» сўровига кўра, АҚШ доллари аста-секин заифлашиши кутилмоқда: евро апрел ва июн ойлари охиригача долларга нисбатан ҳозирги даражада – 1,16 доллар атрофида сақланади, кейин ярим йил ичида тахминан 2 фоизга мустаҳкамланиб 1,18 долларга, бир йил ичида эса яна 2 фоизга ўсиб 1,2 долларга етиши мумкин. 2 апрел куни савдоларда доллар еврога нисбатан бироз мустаҳкамланди: бир евро 1,15 доллар атрофида савдо қилинмоқда. Шунингдек, доллар индекси ҳам 0,53 фоизга ошди. «Reuters» таъкидлашича, бу динамика АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқда можаро кучайиши эҳтимоли ҳақидаги баёнотлари ва бозорда ҳимоя активларига талабнинг қайта тикланиши фонида кузатилди.

Таҳлилчилар нима дейди?

«Wells Fargo» банкининг «G10» валюталари бўйича стратегия раҳбари Эрик Нелсон шундай деди:

«Биз доллар бўйича салбий қарашдамиз. Биринчидан, у ўз адолатли қийматидан юқори савдо қилинмоқда, иккинчидан эса доллар бўйича узун позицияларга кескин ва тез ўтиш ортиқча кўринади».

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ Европа ва Японияга қараганда барқарорроқ кўриниши мумкин, аммо энергия нархларининг ўсиши барибир иқтисодиётга салбий билвосита таъсир кўрсатади ва бу, аллақачон заиф бўлган меҳнат бозори билан бирга, истеъмолчиларнинг реал даромадларига босимни кучайтиради.

«Standard Chartered» банкида «G10» валюталари тадқиқотлари раҳбари Стивен Ингландер эса шундай дейди:

«Можаро ҳал этилишига умид пайдо бўлиши билан доллар жуда тез пасая бошлайди. Агар вазият нормаллашиб, масалан, нефт 90 доллардан пастга тушса, евро/доллар жуфтлиги деярли дарҳол 1,18 доллардан юқорига чиқиши мумкин».

Унинг сўзларига кўра, долларга бўлган яқиндаги талабда «катта иштиёқ» йўқ.

«Трамп маъмуриятининг кутилмаган қарорлари бозорларга тўғридан-тўғри таъсир қилади, лекин билвосита таъсири деярли ҳар доим АҚШ активларига нисбатан риск премиясининг ошиши билан боғлиқ», – деди у.

«Mitsubishi UFJ Financial Group»нинг «EMEA» минтақаси бўйича глобал бозорлар тадқиқотлари раҳбари Дерек Халпенний ҳам бу фикрга қўшилди:

«Нефт нархлари 60–70 фоизга ўсган бир шароитда доллар 4–5 фоизга мустаҳкамланиши кутилган бўларди. Аммо бу содир бўлмади – ўсиш анча кам бўлди. Демак, долларнинг ҳимоя активи сифатидаги мақоми маълум даражада заифлашган».

Доллар босим остида

«Reuters»нинг қайд этишича, долларнинг ҳимоя активи сифатидаги мақоми ўтган йил апрелида Доналд Трамп томонидан жорий этилган тарифлар атрофидаги ноаниқликлар ва АҚШ Федерал резерв тизимининг мустақиллигига оид хавотирлар сабаб аллақачон босим остида эди. Бундан ташқари, бозорлар Трампнинг Эрон бўйича баёнотларини диққат билан кузатмоқда, улар баъзан можарони кучайтириш, баъзан эса юмшатишга ишора қилади.

Уруш бошланганидан бери нефт нархлари тахминан 50 фоизга ўсди, айрим пайтларда ўсиш 65 фоизгача етди. 2 апрел куни «Brent» нефт фючерслари 7 фоиздан ортиққа ошиб, баррели 108,57 долларга етди. АҚШнинг «WTI» нефти ҳам қарийб 8 фоизга ошиб, 108 долларга чиқди.

Шу фонда анъанавий ҳимоя активлари заиф динамика кўрсатди: АҚШ давлат облигациялари даромадлилиги ошди, олтин эса 10 фоиздан кўпроқ арзонлашди. 2-апрел куни олтин нархи қарийб 3 фоизга тушиб, унцияси 4625 доллар атрофида савдо қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid