Logo

«BlackRock» Ўзбекистон ва Қозоғистонни янги инвестиция йўналиши сифатида кўрмоқда — «Bloomberg»

Bugun 22:002 daqiqa

«BlackRock» мутахассиси Қозоғистон ва Ўзбекистонни Форс кўрфази ҳамда Ҳиндистон қаторида сармоя киритиш учун жозибадор бозорлар сифатида эътироф этди.

«BlackRock» Ўзбекистон ва Қозоғистонни янги инвестиция йўналиши сифатида кўрмоқда — «Bloomberg» © Фото: president.uz

Дунёнинг энг йирик активларни бошқарувчи компанияларидан бири бўлган «BlackRock» Марказий Осиёнинг икки етакчи иқтисодиёти — Қозоғистон ва Ўзбекистонга инвесторларнинг қизиқиши ортиб бораётганини қайд этиоқда.

«BlackRock Investment Institute» бош инвестиция стратеги Бен Пауэлл «Bloomberg» агентлигига берган интервюсида бу икки давлатни Форс кўрфази мамлакатлари ва Ҳиндистон билан бир қаторда сармоя учун қулай йўналишлар сифатида тилга олди.

Қозоғистондаги ислоҳотлар сармоядорлар эътиборига тушган

Пауэлл Қозоғистондаги пенсия тизими ва капитал бозорида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Унинг фикрича, мамлакатнинг сармоялар учун янада очиқ ва қулай бўлиб бораётгани инвесторлар қизиқишини янада ошириши мумкин.

Таъкидланишича, 2026 йилнинг дастлабки саккиз ойида Қозоғистон иқтисодиёти 4,1 фоизга ўсган бўлса, Ўзбекистон иқтисодиёти йилнинг биринчи ярмида 8,5 фоизлик ўсишни қайд этган.

Мутахассисларнинг фикрича, бу икки давлатга бўлган эътиборнинг ортишига барқарор иқтисодий ўсиш, тизимли ислоҳотлар ва муҳим минералларга бўлган талабнинг кучайиши сабаб бўлмоқда.

«BlackRock» Ўзбекистондан янги имкониятлар кутмоқда

«BlackRock» ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳам тобора кенгаймоқда. Жорий йилнинг 7 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев компаниянинг директорлар кенгаши аъзоси ва катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлесини қабул қилди.

Учрашувда хусусийлаштириш жараёнлари, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, молия бозорини ривожлантириш, шунингдек, нефт-кимё лойиҳалари ва сунъий интеллект технологияларига қўшма сармоялар киритиш масалалари муҳокама қилинди.

Қолаверса, «BlackRock» Ўзбекистон Миллий инвестиция фондининг IPO жараёнида ҳам иштирок этди.

Пауэллнинг сўзларига кўра, келгусида Ўзбекистонда янги инвестициявий имкониятлар яратилиши эҳтимоли юқори ва «BlackRock» бу имкониятларни диққат билан кузатишда давом этади.

Teglar

Mavzuga oid