«Бундан ҳам баттар бўлади!»: Трамп Эрон томон қудратли армада йўл олганини маълум қилди

29.01.2026 | 09:402 daqiqa

АҚШ раҳбарига кўра, бу улкан «Авраам Линколн» авиаташувчиси бошчилигидаги флот бўлиб, у Венесуэлага юборилганидан ҳам йирикроқдир.

«Бундан ҳам баттар бўлади!»: Трамп Эрон томон қудратли армада йўл олганини маълум қилди

АҚШ Президенти Доналд Трамп 28 январ куни Эрон томон «вазифаларни бажаришга» шай бўлган қудратли армада (ҳарбий флот) йўл олганини маълум қилди. Оқ уй раҳбари бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирди.

«Эрон томон қудратли армада йўл олмоқда. У катта куч, ғайрат ва аниқ мақсад билан тез ҳаракат қилмоқда. Бу улкан «Авраам Линколн» авиаташувчиси бошчилигидаги флот бўлиб, у Венесуэлага юборилганидан ҳам йирикроқдир. Венесуэла ҳолатидаги каби, у ҳам ўз миссиясини тезкорлик билан, зарур бўлса, куч ва қатъият билан бажаришга тайёр, хоҳишдор ва қодир», - дея баёнот берди Трамп.

АҚШнинг шарти

АҚШ Президенти Эрон расмийларини ядровий келишув тузишга чақирди.

«Умид қиламизки, Эрон тез орада «музокаралар столига ўтиради» ва ядровий қуролсиз, барча томонларни қаноатлантирадиган адолатли ҳамда ўзаро манфаатли келишувга рози бўлади. Вақт оз қолди, ҳозир ҳар бир лаҳза ҳал қилувчи аҳамиятга эга», - деб ёзди сиёсатчи.

Навбатдаги ҳужум таҳдиди

Трамп навбатдаги ҳужум 2025 йил ёзидаги «Тунги болға» (Operation Midnight Hammer) операциясидан ҳам кучлироқ бўлиши билан таҳдид қилди.

«Мен Эронга аввал ҳам айтганман: келишув тузинг. Улар буни қилишмади ва натижада Эроннинг кенг кўламли вайрон этилишига сабаб бўлган «Тунги болға» операцияси амалга оширилди. Навбатдаги ҳужум бундан ҳам баттар бўлади! Бунинг яна такрорланишига йўл қўйманг», — дея огоҳлантирди АҚШ президенти.

Аввалроқ Би-би-си рус хизмати Форс кўрфази минтақасига, Эрон қирғоқларига Америка авиаташувчилар гуруҳи етиб келгани ҳақида хабар берган эди.

Бунга қадар эронлик депутат, агар Эронга қарши ҳарбий куч ишлатилса, америкалик ҳарбийларни ўз оилалари билан хайрлашиб қўйишга чақирганди. Таъкидлаш жоизки, Яқин Шарқдаги кучайиб бораётган кескинлик сабаб Қозоғистон ўз авиакомпанияларига Эрон устидан учишни тақиқлаб қўйган.

«Тунги болға» операцияси

Трамп ўз баёнотида тилга олган ушбу операция 2025 йилнинг июн-июл ойларида содир бўлган. Ўшанда Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашувлар кучайиши ортидан, АҚШ Эроннинг ядровий объектлари ва муҳим инфратузилмаларига кенг кўламли ҳаво ҳужумларини уюштирган эди.

АҚШнинг Эронга нисбатан стратегияси

Доналд Трамп АҚШ ҳокимиятига қайтгач, Эронга нисбатан «максимал босим» сиёсатини қайта тиклади. Унинг асосий талаби — Эрон нафақат ядровий қуролдан воз кечиши, балки Яқин Шарқдаги прокси-гуруҳларни (Ҳизбуллоҳ, Ҳусийлар ва бошқалар) молиялаштиришни тўхтатиши шарт. Трамп Теҳронни янги, анча қаттиқроқ шартлар асосидаги «Ядровий келишув»га мажбурламоқчи.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Венесуэладаги сиёсий инқирозга ҳарбий флот орқали босим ўтказиб, ўз мақсадларига эришган эди. Энди у худди шу сценарийни Эронда такрорламоқчи.

Иқтисодий оқибатлар

Бу кескинлик дунё бозорида нефть нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлмоқда. Чунки Эрон қирғоқлари яқинидаги Ҳормуз бўғози дунё нефть ташиш йўлларининг асосий артерияси ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid