Фирибгарлар тўққиз ойда фуқароларга 278 млрд сўмдан ортиқ зарар етказди
Марказий банк фирибгарлар одамларни қандай усуллар билан алдаётгани ва қайси схемалар энг кўп зарар келтираётганини маълум қилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда 2026-йилнинг 1-январидан 1-октябригача бўлган даврда фирибгарлар томонидан фуқароларга жами 278,3 млрд сўм моддий зарар етказилган. Кўрилган тезкор чоралар натижасида ушбу маблағларнинг 113,1 млрд сўми блоклаб қолинган. Бу ҳақда Марказий банк Ички ишлар вазирлигининг «Cardblock» платформасида рўйхатга олинган ҳолатлар таҳлилига таяниб маълум қилди.
Энг кўп қўлланилган усуллар ва кўрилган зарар
Маълумотларга кўра, энг кўп учраган фирибгарлик усули телефонга зарарли дастур ўрнатиш билан боғлиқ. Фуқаролар мессенжерлар ва номаълум манбалардан АПК файлларни юклаб олиб ўрнатгани оқибатида 18 830 та ҳолатда 79,3 млрд сўм маблағидан айрилган.
Шунингдек, фирибгар қўнғироғи бўйича ҳаракат қилиш оқибатида 611 та ҳолатда 27,7 млрд сўм ўғирланган бўлиб, бу алдов турида жабрланувчилар ҳар бир ҳолатда ўртача 45 млн сўм йўқотган. Телеграм аккаунтини эгаллаб олиш орқали эса 2 808 та ҳолат қайд этилган ва 21,9 млрд сўм ўзлаштирилган.
Бошқа йирик схемалар бўйича зарарлар қуйидагича тақсимланган:
Сохта трейдинг таклифлари — 1 044 та ҳолат (15,1 млрд сўм);
«Молиявий пирамида» белгиларига эга схемалар — 1 086 та ҳолат (14,0 млрд сўм);
Онлайн харид учун олдиндан тўлов олиш — 3 571 та ҳолат (10,5 млрд сўм);
Онлайн ўйинлар учун тўлов — 272 та ҳолат (0,9 млрд сўм);
Тури кўрсатилмаган ҳолатлар — 11 475 та ҳолат (98,1 млрд сўм).
Фуқаро номига онлайн кредит расмийлаштириш ҳолатлари сони нисбатан кам бўлса-да, энг йирик ўртача йўқотишга сабаб бўлган. Фирибгарлар кредитни тўхтатиш баҳонасида фуқароларни алдаб, уларнинг номига онлайн кредит расмийлаштирган 130 та ҳолат қайд этилган. Етказилган моддий зарар миқдори 10,6 млрд сўмни ташкил этган. Бу усулда алданганларнинг ҳар бири ўртача 82 млн сўм йўқотган.
Марказий банк, шунингдек, алоҳида ҳолатларни ҳам қайд этган. Хусусан, 2 737 та мурожаатда фуқаролар пули ўғирланганини билдириб ички ишлар органларига ариза ёзган. Бироқ текширувлар давомида ушбу 7,6 млрд сўм маблағ аслида фуқароларнинг кредит қарздорлиги бўйича автоматик тарзда ундирилгани аниқланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Блокланган маблағларнинг қанча қисми ўз эгаларига қайтарилгани юзасидан маълумот берилмаган.
Марказий банк тавсиялари
Фирибгарлардан ҳимояланиш мақсадида Марказий банк фуқароларга мессенжерлар ва номаълум манбалардан АПК файлларни юкламасликни, ўзини банк ходими ёки ҳуқуқ-тартибот органи вакили деб таништирган шахсларга карта маълумотлари ва кодларни айтмасликни тавсия қилди.
Шунингдек, Телеграм тармоғида икки босқичли ҳимояни ёқиш, сотувчининг ишончлилигини текшириш ҳамда катта даромад ваъда қилувчи таклифларга ишонмаслик сўралган. Фирибгарликка дуч келинган тақдирда, зудлик билан хизмат кўрсатувчи банк ва ички ишлар органларига мурожаат қилиш лозим.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўз номига кредит олишни тақиқлаганлар сони 3 миллионга яқинлашгани ҳақида хабар берилганди.





