Logo

«UzAuto Motors» кузатув кенгашида «General Motors»га оид шахслар кўпайтирилди

Kecha 17:503 daqiqa

Компаниянинг кузатув кенгашидан олти нафар аъзо чиқарилди. Уларнинг ўрнига келганлар орасида GM тизимида ўн йиллаб ишлаган учта бразилиялик топ-менежер бор. Яна уч нафар аъзо эса қайта сайланди.

«UzAuto Motors» кузатув кенгашида «General Motors»га оид шахслар кўпайтирилди © wikipedia

12-ноябр куни  «UzAuto Motors» акциядорларининг навбатдан ташқари йиғилишида компания кузатув кенгаши таркиби янгиланди. Олдинги таркибдан 3 нафар аъзо қайта сайланди, 6 нафари эса чиқарилди.

Кенгашнинг янги таркиби қуйидагича тасдиқланди:

1. Илҳомжон Тоғаев — «UzAuto PV» МЧЖ ходими;

2. Саидазим Гулямов — «UzAuto Motors Powertrain» АЖ бошқарувчи директори;

3. Олимжон Тўйчиев — Турин политехника университети ректори;

4. Бекзод Юсупов — «UzAuto PV» МЧЖ бошқарувчи директори;

5. Андрей Дикан — «Autosanoat Invest» МЧЖ бошқарувчи директори ўринбосари;

6. Саиджон Қодиров — «OTP Autosanoat Finance» МЧЖ бош директори;

7. Сержио Роча — мустақил аъзо;

8. Вламир Жиардини — мустақил аъзо;

9. Уилям Бертагни — мустақил аъзо.

Илҳомжон Тоғаев, Саидазим Гулямов ва Олимжон Тўйчиев кенгашга қайта сайланди, қолганлар янгидан тасдиқланди. Кенгашдан Баҳром Ахунов, Нозимжон Набиев, Қудратжон Баймирзаев, Роберт Валтер Гайст, Шариқ Вали Хон ва Филип Кемерон Жонстон чиқарилди.

Уч мустақил аъзо — учаласи ҳам GM’дан

Янги таркибдаги учта мустақил аъзонинг барчаси бразилиялик ва барчаси «General Motors» тизимида узоқ йиллар ишлаган.

Сержио Роча GM тизимида 1979-йилда иш бошлаган. Кейинчалик компаниянинг Аргентина, Уругвай ва Парагвайдаги бўлинмасида президент ва бошқарувчи директор лавозимларида ишлаган. 2012–2016-йилларда «GM Uzbekistan» ва «GM Uzbekistan Powertrain» компаниялари кузатув кенгашларига раҳбарлик қилган. Яъни у Ўзбекистон автосаноатига бегона эмас. 2019–2025-йилларда эса Туркиянинг TOGG электромобил лойиҳасида операцион директор (COO) бўлиб ишлаган.

1

Фото: Togg. Суратда ўнгда — Сержио Роча.

Вламир Жиардини ҳам GM тизимида ишлаган. Унинг фаолияти автомобил эҳтиёт қисмлари, таъминот занжири, харидлар ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан боғлиқ. LinkedIn профилида «Estra Automotive System Brasil» компанияси билан алоқаси кўрсатилган. 2010–2012-йилларда Chevrolet Cruze, Cobalt ва GMI700 лойиҳаларида таъминот занжири инфратузилмасини шакллантиришда қатнашган.

Уилям Бертагни — автомобилсозлик муҳандиси ва халқаро менежер. У 1983-йилдан GM тизимида ишлаб, «GM Brazil», GM Korea» ва Германиянинг «Opel» компанияларида турли раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Chevrolet Meriva ва Onix лойиҳаларида иштирок этган, GM компаниясининг Жанубий Америкадаги маҳсулот муҳандислиги бўйича вице-президенти бўлган. 2016-йилда «Opel» компаниясининг Европа бўйича автомобил муҳандислиги вице-президенти ва бошқарув кенгаши аъзоси этиб тайинланган.

Маълумот учун, кузатув кенгашининг эски таркибида «General Motors» компаниясининг 2 собиқ мутахассиси бор эди. Янги таркибда эса мустақил аъзоларнинг учаласи ҳам GM билан боғлиқ.

«UzAuto Motors» ярим йиллик ҳисоботида асосий бошқарув ходимларига тўланган мукофотларни алоҳида кўрсатганди. Унга кўра, 2026-йилнинг биринчи ярмида уларга жами 782 минг доллар мукофот тўланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «UzAuto Motors» ва «UzAuto Powertrain» компанияларини хусусийлаштиришга АҚШ, Жанубий Корея ва Хитой компаниялари қизиқиш билдиргани маълум қилинганди. Давлат активларини бошқариш агентлиги эса «UzAuto Motors» хусусийлаштирилаётганда «General Motors» устувор ҳуқуққа эга бўлмаслигини қайд этганди.

Teglar

Mavzuga oid