Импорт кескин ошмоқда: гўшт янада қимматлайдими?
Йил бошидан бери Ўзбекистонга хориждан 320,6 млн долларлик гўшт олиб келинди. Бу ўтган йилга нисбатан 62,8 фоизга кўпроқ. Ички ишлаб чиқариш секинлашаётгани фонида Ўзбекистон тобора қимматроқ хорижий гўштга таянмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистон 2026 йилнинг январ-апрель ойларида 320,6 млн долларлик гўшт маҳсулотлари импортини амалга оширди. Бу ҳақда Vaqt.uz'га Божхона қўмитаси ҳисоботидан маълум бўлди. Импорт қиймати 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 62,8 фоизга кўпайган. Бунда хориждан олиб келинган гўшт маҳсулотларининг миқдори 36,6 фоизга кўпайиб, 98 минг тоннага етди.

Manba: Bojxona qo‘mitasi
Энг кўп импорт қилинган гўшт маҳсулотлари орасида қорамол гўшти етакчи бўлиб турибди — 49,85 минг тонна. Кейинги ўринда 22,7 минг тонна билан товуқ гўшти бормоқда.
Қўй гўшти 3 баробар қимматроқ
Глобал нотинчлик, логистика шароитлари мураккаблашиши ва инфляция ҳисобига Ўзбекистон гўшт маҳсулотларини 2025 йилга нисбатан анча қимматроқ харид қилмоқда. Мол гўшти хориждан 2025 йилда 4,07 доллардан олиб келинган бўлса, 2026 йилда 4,8 доллардан импорт қилинган.
Қўй гўштининг импорт нархи эса солиштирилаётган даврда 1,03 доллардан 2,87 долларгача қимматлади. Импорт миқдори бўйича қорамол гўштидан кейинги ўринда турувчи товуқ гўштининг импорт нархи 1,22 доллардан 1,2 долларга пасайди.
Гўшт етиштириш суръати ҳам секинлашмоқда
Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида 580,2 минг тонна гўш етиштирилди. Бунда ўсиш кўрсаткичи 2,9 фоизни ташкил қилди. Йилнинг дастлабки чорагида гўшт ишлаб чиқаришда 3 фоиздан пастроқ ўсиш 2022 йилдан бери кузатилмаганди.

Натижада мамлакат гўштга бўлган талабни қондириш учун қимматроққа тушаётган импортга таянишига тўғри келмоқда. Гўшт ишлаб чиқариш суръати секинлашиши чорва моллари учун ем нархи ошгани билан изоҳланади. Шу сабаб билан 2026 йилда айнан деҳқон ва томорқа хўжаликларида гўшт етиштириш камайган.
Бозорда нархлар қандай?
Марказий банк маълум қилишича, 2025 йил давомида мол гўшти 23,9 фоизга, суяксиз мол гўшти 25 фоизга, қўй гўшти 26,9 фоизга қимматлаган. Март ойига келиб эса йиллик ўсиш мол гўштида 15,1 фоизни, суяксиз мол гўштида 15,5 фоизни, қўй гўштида 18,2 фоизни ташкил қилди.
Бироқ, гўшт нархи бозорларда 200 минг сўмгача, супермаркетларда эса 259 минггача қимматлагани маълум бўлганди. Апрел ойида эса гўшт нархи энг кўп қимматлаган маҳсулотлар қаторидан жой олди. Ой давомида қўй гўшт нархи 3,7 фоизга, мол гўшти 3,2 фоизга қимматлади.
Энди нима бўлади?
Гўштга бўлган талабни импорт орқали қондирилаётгани ўзбекистонликлар учун гўшт нархини янада қимматроқ қилиши мумкин. Бунга сабаб импорт қилинаётган гўшт нархи ҳам ошиб бормоқда: мамлакат апрель ойида гўштни йил бошига нисбатан қимматроқ импорт қилган.
Ички ишлаб чиқаришнинг секинлашуви ва глобал бозордаги нархлар босими Ўзбекистонни тобора қимматроқ импортга боғлаб қўймоқда. Бу эса яқин ойлар ичида гўшт нархларининг барқарорлашишини эмас, балки янада ошишини эҳтимолдан холи қилмайди.
Teglar






