Logo

Иситиш мавсумида 1 млн сўмлик моддий ёрдамни кимлар олиши мумкин?

Kecha 16:302 daqiqa

Аввалроқ 2026/2027-йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 1 млн сўмлик бир марталик моддий ёрдам ва коммунал тўловлар учун компенсациялар ажратилиши ҳақида хабар берилганди.

Иситиш мавсумида 1 млн сўмлик моддий ёрдамни кимлар олиши мумкин? © Ijtimoiy tarmoqlar

2026/2027-йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ва коммунал компенсациялар ажратилади.

Қайд этилишича, 1 млн сўм миқдоридаги бир марталик маблағлар Ижтимоий реестрга киритилган, шунингдек, реестрда бўлмаса-да, «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида ва бошқа белгиланган мезонларга мос келувчи оилаларга тўлаб берилади. Бунда, оиладаги жон бошига даромади минимал истеъмол харажатларининг 2 баробаридан ошмайдиган оилалар назарда тутилган.

Ушбу маблағлар жорий йилнинг 30-ноябрига қадар фуқароларнинг банк ёки ижтимоий карталарига ўтказилиши таъкидланган.

Электр, кўмир ва суюлтирилган газ учун компенсация тартиби

Белгиланган мезонларга мос оилаларнинг электр энергияси ва табиий газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмоли учун тарифлар фарқи давлат томонидан қопланади.

Табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган ёки етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда эса иситиш мавсуми учун электр энергиясининг базавий меъёри 350 кВт/соат этиб белгиланади.

Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилаларга кўмир ва суюлтирилган газ учун ҳам компенсация берилади. Жумладан, қуйидаги тартибда маблағ қоплаб берилиши назарда тутилган:

— Суюлтирилган газ учун — харид қилинган ҳар бир килограммга 3000 сўмдан (ойига 20 килограммгача);
— «mycoal.uz» орқали харид қилинган кўмир учун — ҳар бир тоннага 300 минг сўмдан (бир календар йилда жами 600 минг сўмгача).

Таъкидлаш лозимки, бир марталик ёрдам ва коммунал компенсациялар алоҳида чоралар ҳисобланиб, уларни олиш шартлари бир-биридан фарқ қилади. Батафсил маълумот олиш учун фуқаролардан «Инсон» марказига ёки ўз маҳалласидаги ижтимоий ходимга мурожаат қилиш сўралган.

Teglar

Mavzuga oid