
Жамиятда фаол деб топилган фуқароларга бир қатор имтиёзлар берилади
Ўзбекистонда жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқаролар махсус тизим орқали аниқланиб, давлат хизматлари, таълим ва автокредитлар бўйича имтиёзлар бериш амалиёти жорий этилади.

Ўзбекистонда жамиятда фаол бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги рағбатлантириш механизми жорий этилади. Бу президент фармони лойиҳасида назарда тутилган бўлиб, ташаббус «Жамиятдаги фаолликни рағбатлантириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Лойиҳа фуқароларнинг жамият олдидаги долзарб масалаларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтириш ва уларнинг ижтимоий ролини оширишни мақсад қилади.
Ҳужжатга кўра, жамият ҳаётида фаол бўлган фуқароларга давлат хизматларидан фойдаланишда чегирмалар бериш, олий таълим ва автомашина хариди билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Фаоллик йўналишлари
Лойиҳа доирасида рағбатлантиришга сабаб бўладиган фаоллик йўналишлари аниқ белгилаб қўйилган. Жумладан, «яшил макон» ва бошқа экологик лойиҳаларда иштирок этиш, ёлғиз нафақадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган фуқароларга ғамхўрлик қилиш шулар жумласидан. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинларида низоли оилалар масаласини ҳал этишда жамоатчи медиатор сифатида қатнашиш, жамоатчилик ҳашарларида ва маҳалланинг инфратузилмавий муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этиш ҳам ҳисобга олинади. Бундан ташқари, фуқароларнинг маҳаллаларда ёшларни тил ва касбларга бепул ўқитиш каби ташаббуслари ҳам қўллаб-қувватланади.
Баллар ва имтиёзлар
Жамиятдаги фаол фуқароларни аниқлашда уларнинг фаолликка сарфлаган соатлари баллар тизимига конвертация қилинади. Баллар жамғариб борилади ва Time banking тамойили асосида баҳоланади. Ушбу тизим орқали 350 минг нафаргача фуқарони жамиятдаги масалаларни ҳал этиш ишларига жалб қилиш режалаштирилган.
«Жамиятдаги фаол фуқаро» деб топилган шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда 10 фоизгача чегирма, олий таълим ташкилотларида контракт тўловининг 5 фоизигача қоплаб бериш ҳамда автомашина хариди учун кредитларнинг 3 фоиз қисмини қоплаб бериш имкониятлари яратилади.





