Жамоат транспорти агломерация тизимига ўтказилади: бунда нималар ўзгаради?

Bugun 19:552 daqiqa

Янги таклиф этилаётган тизимга кўра, шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари брутто-шартнома асосида фаолият юрита бошлайди.

Жамоат транспорти агломерация тизимига ўтказилади: бунда нималар ўзгаради? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда жамоат транспорти тизими ягона агломерация тамойили асосида ривожлантирилади ва шаҳар атрофидаги йўналишлар ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади. Бу ҳақда 7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспортини яхшилаш юзасидан ўтказилган тақдимот билан танишиш чоғида маълум қилинди.

Янги таклиф этилаётган тизимга кўра, шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари брутто-шартнома асосида фаолият юрита бошлайди. Хусусан, Тошкентда 19 та, вилоят марказларида эса 79 та ана шундай йўналиш ташкил этилиши режалаштирилган. Пойтахтда Назарбек, Минерал сувлар ва Уч Қаҳрамон ҳудудларини шаҳар билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш мақсад қилинган.

Йўловчиларга қулайлик яратиш учун шаҳар атрофи темир йўл қатновлари ва жамоат транспорти ўзаро боғланади. Бунда «электропоезд – автобус» ва «электропоезд – метро» каби ягона ва қулай тарифларни жорий этиш кўзда тутилган.

Соҳадаги техник эҳтиёжларни қондириш мақсадида ҳудудлар учун яна 1,5 мингта катта ва ўрта сиғимли автобуслар сотиб олиш зарурлиги таъкидланди. Тадбиркорларни рағбатлантириш учун автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна 2 йилга узайтириш таклиф этилди.

Хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш учун бир автобусга тўғри келадиган ҳайдовчилар сонини 2 нафардан 3 нафарга ошириш вазифаси қўйилди. Маълумотларга кўра, ўтган йили ҳайдовчиларнинг меъёрдан ортиқ ишлаши ва муомаласи юзасидан Тошкентнинг ўзида 1 670 та шикоят келиб тушган, автобуслар иштирокида 109 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган.

Жамоат транспорти тизимига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу технологиялар йўловчилар оқимини таҳлил қилган ҳолда автобуслар ҳаракатини оптималлаштиришга хизмат қилади. Бу чора бир йўловчини ташиш таннархини 10-15 фоизга қисқартириш имконини беради.

Президент туризм марказлари бўлган Хива, Шаҳрисабз, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида ҳам жамоат транспортини ривожлантириш дастурларини бошлаш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Самарқанд ва Наманган шаҳарларида аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий “яшил транспорт” йўналишларини кўпайтириш бўйича мастер-режалар ишлаб чиқилади.

Сўнгги уч йил ичида мамлакатга 2 минг 650 та замонавий автобус ва электробуслар олиб келинган. Натижада кунлик қатновлар сони 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 2,3 миллион нафарга етган.

Teglar

Mavzuga oid