LEX.UZдаги «кўринмас» ҳужжатлар: ҳукуматнинг ҳар икки қароридан бири жамоатчиликдан яширин
2026 йилнинг дастлабки чорагида Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг 56 фоизи Lex.uz’да эълон қилинмаган. VAQT.UZ ҳукуматнинг очиқланмаган ҳужжатлари бўйича маълумотларни таҳлил қилиб, экспертлар фикрларини жамлади.

Сўнгги ойларда ҳокимликлар ва ҳукумат қарорлари кесимида ёпиқ ҳужжатлар сони ортиб бормоқда. Аввалроқ, VAQT.UZ 2021–2025 йилларда ҳудудлар бўйича қабул қилинган яширин ҳоким қарорларини таҳлил қилган эди.
Энди эса Lex.uz маълумотлари асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил январ – апрел ойларида қабул қилган қарорлари кетма-кетлигини ўрганди.
Таҳлиллар ҳукумат ҳужжатларининг расмий рақамланиши билан уларнинг амалда эълон қилиниши ўртасида сезиларли тафовут мавжудлигини кўрсатмоқда.
«Кўринмас» қарорлар статистикаси: рақамлар нима дейди?
2026 йил бошидан апрел ойи якунига қадар Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг тартиб рақами 1 дан 218 гача етган. Аммо бу рақамлар остидаги барча ҳужжатлар ҳам жамоатчилик учун очиқланмаган.
Таҳлилларга кўра, ҳукумат томонидан банд қилинган 218 та қарордан атиги 96 таси ёки 44 фоизи оммага эълон қилинган. Қолган 122 та ҳужжат — жами қарорларнинг 56 фоизи эса очиқ манбада мавжуд эмас.
Натижада, 2026 йил бошидан буён қабул қилинган ҳукуматнинг ҳар икки қароридан бири жамоатчиликдан яширин қолмоқда. Табиийки, бу ҳолат ижро ҳокимияти фаолияти шаффофлиги ва давлат қарорларининг очиқлиги масаласида жиддий саволларни туғдиради.
Ойлар кесимида таҳлил қилинганда ҳам миллий қонунчилик манбаси — Lex.uz’да эълон қилинмаган қарорлар улуши ортиб бораётганини кўриш мумкин.
Davr (2026-yil) | Umumiy raqamlar diapazoni | E’lon qilingan hujjatlar soni | “Qolib ketgan” (yopiq) sonlar | Yopiqlik ulushi |
Yanvar | 1 — 40 | 20 ta | 20 ta | 50% |
Fevral | 41 — 85 | 25 ta | 20 ta | 44,4% |
Mart | 86 — 135 | 18 ta | 32 ta | 64% |
Aprel | 136 — 218 | 33 ta | 50 ta | 60,2% |
Jami | 1 — 218 | 96 ta | 122 ta | 56% |
Манба: Жадвал Lex.uz маълумотлари асосида тайёрланди
Январ. Йилнинг биринчи ойида Вазирлар Маҳкамаси қарорлари рақами 1 дан 40 гача етган. Аммо уларнинг фақат 20 таси, яъни 50 фоизи Lex.uz’да эълон қилинган. Қолган 20 та қарор очиқ манбаларда мавжуд эмас.
Эътиборлиси, рўйхат 1-сонли қарордан эмас, тўғридан-тўғри 2-сонли ҳужжатдан бошланган. 1, 7, 9, 10 ҳамда 12–22-сонли қарорлар қаторидаги жами 20 та рақам очиқ манбаларда учрамайди.
Феврал. Феврал ойида қарорлар рақами 41 дан 85 гача давом этган. Шу даврда 25 та ҳужжат эълон қилинган. Очиқлик даражаси 54 фоизни ташкил этганига қарамай, 20 та қарор ҳануз очиқланмаган. Улар орасида 41–43, 46, 50 ва 52-сонли қарорлар ҳам бор.
Март. Март ойида вазият янада ёмонлашган. 86 дан 135 гача бўлган 50 та қарордан атиги 18 таси, яъни 36 фоизи эълон қилинган. Бошқача айтганда, ҳар учта қарорнинг иккитаси жамоатчиликка тақдим этилмаган.
Жами 32 та ҳужжат, жумладан 86, 87, 89, 95–99 ва бошқа қарорлар базада мавжуд эмас.
Апрел. Апрел ойида қарорлар сони 218 тага етган. Бироқ қарорлар сони ортиши билан яширин ҳужжатлар миқдори ҳам рекорд даражага чиққан. 136-рақамдан бошланган 83 та янги қарорнинг фақат 33 таси ёки 40 фоизи очиқланган. Қолган 50 та қарор бўйича эса ҳеч қандай маълумот берилмаган.
Маълумот учун, VAQT.UZ’да 2026 йилнинг дастлабки 4 ойида Lex.uz’да эълон қилинган ва очиқланмаган қарорлар рўйхати мавжуд.
Расмий изоҳ: «Ҳужжат бизга келиб тушса, эълон қиламиз»
2026 йил 6 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Адлия вазирлиги қошидаги «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директорининг биринчи ўринбосари Алишер Каримов Қонунчилик маълумотлари миллий базаси — Lex.uz’да нима сабабдан барча қарорлар жойланмаётгани масаласида VAQT.UZ’га изоҳ берди.
«Ҳуқуқий ахборотни етказиш тўғрисидаги қонунга кўра, давлат органлари қабул қилган қарорларнинг очиқлигини таъминлаш мажбурияти юклатилган. Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайси расмий манбаларда эълон қилиниши қонунда аниқ белгиланган. Lex.uz — Қонунчилик маълумотлари миллий базаси ана шундай расмий манбалардан бири ҳисобланади», — деди у.
Каримовнинг таъкидлашича, ҳужжатлар фақат битта платформада эмас, бир нечта расмий манбаларда эълон қилинади.
«Давлат органлари қабул қилган ҳужжатни бир кун ичида бизга юбориши шарт. Адлия вазирлиги тизимига келиб тушган ҳужжатлар эса бир кун ичида эълон қилинади. Бизга келган барча ҳужжатларни ўз вақтида жойлаштирамиз», — деди «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директорининг биринчи ўринбосари.
Шунингдек, вазирлик мулозими айрим ҳужжатлар нега Lex.uz’да кўринмаётганига ҳам изоҳ берди.
«Айрим ҳолларда ҳужжатлар бизга юборилмаган бўлиши мумкин. Бунга сабаб — уларнинг махфий тусга эга бўлиши ёки «хизмат доирасида фойдаланиш учун» тоифасига кириши. Шу боис улар очиқ эълон қилинмайди», — деди у.
Аммо шу ўринда савол туғилади: наҳотки қабул қилинаётган ҳукумат қарорларининг ярмидан кўпи махфий бўлиши мумкин?
Мутасаддининг таъкидлашича, Lex.uz’га фақат қонунчилик миллий базасига юборилган ҳужжатларгина жойлаштирилади.
«Бу савол бўйича айнан қайси ҳужжат нима сабабдан эълон қилинмагани ҳақида маълумот бизда йўқ. Чунки бу савол ҳужжатни қабул қилган органга берилиши керак. Агар ҳужжатлар бизга келиб тушганида, биз уларни тизимга жойлаштирган бўлардик. Демак, бу ҳужжатлар бизга юборилмаган ёки бошқа расмий манбаларда эълон қилинган бўлиши мумкин», — деди Алишер Каримов.
Шунингдек, у ҳукумат қарорлари бошқа манбаларда ҳам чоп этилиши мумкинлигини эслатди.
«Масалан, улар газеталарда ёки Вазирлар Маҳкамасининг ойлик қарорлар тўпламида эълон қилинган бўлиши эҳтимоли бор», — дея «Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази директорининг биринчи ўринбосари Алишер Каримов хулоса қилди.
Ҳукумат қарорлари қаерда эълон қилиниши керак?
Амалдаги тартибга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг расмий матни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланади.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳукумат қарорлари қуйидаги расмий манбаларда эълон қилиниши мумкин:
«Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами»;
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами»;
«Халқ сўзи» ва «Народное слово» газетаси;
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси» — Lex.uz (ягона электрон тизими).
Шу боис, қарорнинг Lex.uz базасида мавжуд эмаслиги унинг бошқа расмий манбаларда эълон қилинмаганини англатмайди. Бироқ рақамли давлат бошқаруви шароитида Lex.uz аҳоли, тадбиркорлар ва инвесторлар томонидан энг кўп фойдаланиладиган ҳуқуқий ахборот платформаси ҳисобланади.
Экспертлар қандай баҳоламоқда?
«Яширин қарорлар масаласи қонунлар даражасигача етиб келган»
«Аввал иқтисод...» дастурида иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам ҳукумат ва ҳокимлик қарорларининг ёпиқ қолиши масаласини танқид қилган эди. Унинг фикрича, бу муаммо аллақачон маҳаллий даражадан чиқиб, қонунчилик ва иқтисодий сиёсатнинг турли бўғинларига кириб борган.
«Коррупцияга қарши курашишда фақат вилоят ёки туман ҳокимлари даражасида қолиб кетмаслик керак. Бизда яширин қарорлар масаласи қонунлар ва ҳукумат қарорлари даражасигача етиб келган. Айрим импорт ва экспорт божлари ҳам яширин қарорлар билан белгиланган. Бу эса айрим масалаларни жамоатчилик назоратидан яшириш имконини берган», — деган эди иқтисодчи.
Бакировнинг таъкидлашича, қарорларни тўлиқ ёпиш амалиёти халқаро тажрибага ҳам зид.
«Қарорнинг ҳаммасини яшириш шарт эмас. Агар унда шахсий маълумот бўлса, фақат ўша қисми ёпилади. Бизда эса кўпинча бутун ҳужжат ёпиб қўйилади», — дея таъкидлаган у.
Иқтисодчи, шунингдек, қарорларни асоссиз яширган мансабдорлар учун амалда жавобгарлик механизми ишламаётганига эътибор қаратган.
«Амалда жазолаш механизми йўқ. Кўпи билан билдиришнома берилади, холос. Жазо бўлмаса, қарорлар яна яширилаверади», — деган эди Отабек Бакиров.
«Бу давлат институтларига бўлган ишончни пасайтиради»
Коррупция масалалари бўйича халқаро эксперт Қодир Қуллиевнинг таъкидлашича, муаммо қарорларнинг ёпиқ ёки очиқлигида эмас, балки жамоат манфаатларига дахлдор қарорларнинг жамоатчилик назоратидан четда қолаётганидадир.
«Иқтисодий, давлат буджетига тегишли харажатлар, ер ажратиш, қурилиш, давлат харидлари, имтиёзлар ёки тартибга солиш билан боғлиқ қарорлар қанчалик ёпиқ бўлса, коррупцсия хавфи шунчалик ортади. Чунки жамоатчилик, бизнес ва оммавий ахборот воситалари қарор қабул қилиш жараёнини кўриб билмаса, манфаатлар тўқнашуви, алоҳида гуруҳларга асоссиз афзаллик бериш ёки ресурсларни самарасиз тақсимлаш хавфини баҳолаш ҳам қийинлашади», — дейди эксперт.
Қуллиевнинг қайд этишича, шаффофлик ва ахборотдан фойдаланиш имконияти коррупциянинг олдини олишда халқаро миқёсда тан олинган энг муҳим омиллардан ҳисобланади.
«БМТ ва ОECD методологияларида ҳам айнан шаффофлик ва ахборотдан фойдаланиш имконияти коррупцсиянинг олдини олишда асосий рол ўйнаши қайд этилган. Агар давлат қарорларининг катта қисми бизга очиқ бўлмаса, вақт ўтиши билан давлат институтларига ишонч пасаяди, ҳуқуқий аниқлик камаяди ва коррупсияга оид шубҳалар кучаяди», — дейди у.
Экспертнинг фикрича, коррупцияга қарши курашнинг энг самарали воситаларидан бири жазолаш эмас, балки қарорларни имкон қадар очиқ қилиш ва улар устидан мустақил жамоатчилик назоратини таъминлашдир.
«Ҳар қандай ёпиқ қарор автоматик равишда муаммо дегани эмас. Аммо қарорларнинг катта қисми жамоатчилик назоратидан узоқда қолса, коррупцисияга қарши профилактика механизмлари заифлашади ҳамда давлат бошқарувида шаффофлик ва ҳисобдорлик бўйича саволлар туғилади», — дейди Қодир Қуллиев.
«Очиқликни тўлиқ таъминлайдиган механизм йўқ»
Ҳуқуқшунос Мадина Турсунованинг фикрича, ҳукумат қарорларининг катта қисми жамоатчиликка очиқланмаётганининг асосий сабаби очиқликни таъминлайдиган аниқ механизмлар ва масъулият тизимининг шаклланмаганидир.
«Қонунчиликда очиқлик кафолатланган, лекин уни тўлиқ таъминлайдиган механизм йўқ. чиқликка бағишланган ҳужжатларда умумийлаштириб айтилган — очиқлик, шаффофлик деб. Лекин айнан ички ҳужжатлар, ички қабул қилинадиган буйруқлар, низомлар, йўриқномалар бўйича ҳеч нарса йўқ», — дейди Турсунова.
Унинг таъкидлашича, яна бир муаммо давлат органларида ахборот очиқлиги учун масъул алоҳида шахсларнинг йўқлигидир.
«Кўпинча бу вазифа матбуот котиблари зиммасига юкланади. Аслида эса маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаш ва очиқлик сиёсати учун раҳбар ёки юридик блок вакиллари масъул бўлиши керак. Улар қайси маълумот очиқ, қайсиси махфий эканини ҳуқуқий жиҳатдан баҳолай олади», — дейди ҳуқуқшунос.
Турсунова муаммонинг яна бир сабаби сифатида давлат бошқарувидаги «махфийлик маданияти»ни кўрсатади.
«Ҳозирча ички ҳужжатларни очиқлаш давлат органлари фаолиятининг қадриятига айланмаган. Бу маданият — махфийлик маданияти. Аслида эса ҳамма нарса очиқланиши керак ва жуда ҳам кичкина қисми ёпиқ бўлиши керак», — дейди Мадина Турсунова.
«Адолат тамойили бузилган ҳар қандай қарор коррупсия хавфини оширади»
Жамоатчилик фаоли ва Коррупсияга қарши курашиш агентлиги собиқ ходими Обиджон Латиповнинг фикрича, айрим қарорларнинг ёпиқ қабул қилиниши ортида жамоатчиликнинг эътирози ва ноқулай саволларидан қочиш истаги ётиши мумкин.
«Қарор очиқланса, кимдир имтиёз олиб қўйган бўлиши мумкин, кимларгадир устуворлик берилган бўлиши мумкин ёки масала адолатли ҳал қилинмаган бўлиши мумкин. Табиийки, бундай ҳолатда томонлар эътироз билдиради ва савол беради. Ноқулай саволларга жавоб беришни истамагани учун айрим қарорлар ёпиқ қабул қилинади, деб ўйлайман», — деди у.
Латиповнинг таъкидлашича, бу ҳолат давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳамда коррупсиянинг олдини олишда муҳим ҳисобланган шаффофлик тамойилига зид.
«Адолат тамойили бузилган ҳар қандай қарор коррупсия хавфини оширади. Қарорларнинг адолациз эканига оид шубҳалар кучайиб боради. Агар бу вазият яхшиланмаса, коррупцисия хавфи ҳам ортиб бораверади», — деди Обиджон Латипов.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳукумат қарорларининг Lex.uz базасида мавжуд эмаслиги уларнинг автоматик равишда «яширин» ёки «ноқонуний» эканини англатмайди. Бироқ рақамли давлат бошқаруви шароитида қарорларнинг асосий миллий платформада эълон қилинмаслиги очиқлик тамойиллари тўлиқ ишламаётганини кўрсатади.
Муаммо ҳужжатнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслигида эмас, балки жамоатчилик учун энг асосий ва қулай ахборот манбасида очиқ тақдим этилмаётганида. Бугун фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторлар қарорларни газета ёки босма тўпламлардан эмас, аввало рақамли базалардан қидиради.
2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида қарорларнинг 56 фоизи очиқ манбаларда мавжуд эмаслиги эса давлат бошқарувидаги шаффофлик масаласи фақат ҳуқуқий эмас, балки технологик ва институционал муаммога ҳам айланиб бораётганини кўрсатмоқда.
Aсоссиз ёпиқлик жамоатчилик назоратининг чекланиши ва коррупция хавфининг ортишига олиб келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, қарорларнинг очиқлигини шунчаки декларатив тамойил сифатида эмас, балки рақамли платформаларда амалда таъминланадиган тизим сифатида шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Teglar






