Logo

Марказий Осиё давлатлари суғориш мавсумида қанча сув ишлатиши мумкин?

Bugun 17:572 daqiqa

Ўзбекистон учун Сирдарё бўйича 2026-йилги вегетация даврида 8,8 миллиард куб метр, Амударё бўйича 16,02 миллиард куб метр сув ажратилган.

Марказий Осиё давлатлари суғориш мавсумида қанча сув ишлатиши мумкин? © Foto: dwk.kg

6-август куни Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг 94-йиғилишида Сирдарё ва Амударё бўйича сув тақсимоти, шунингдек, «Баҳри Тожик» сув омборининг иш режими муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Asia-Plus» хабар берди.

Учрашувнинг асосий мавзуларидан бири 2026-йилги суғориш мавсумида Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида аввал келишилган сув олиш лимитларига риоя этилиши ҳамда сув омборларининг иш режимини бажариш масаласи бўлди.

94-йиғилишда янги сув лимитлари тасдиқланмади. Улар аввалроқ, 10-апрель куни Бухорода ўтган комиссиянинг 93-йиғилишида келишилган эди. Навбатдаги учрашувда давлатлар суғориш мавсуми давомида ушбу келишувлар қандай бажарилаётганини баҳолади. Шунингдек, кун тартибидан Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитлари қарорларини амалга ошириш масалалари ҳам ўрин олди.

Сирдарё бўйича 2026-йилги вегетация даври учун умумий сув олиш лимити 11,884 миллиард куб метр этиб белгиланган. Шундан Тожикистон учун 1,905 миллиард куб метр, Ўзбекистон учун 8,8 миллиард куб метр, Қозоғистон учун 909 миллион куб метр ва Қирғизистон учун 270 миллион куб метр ажратилган.

Амударё бўйича эса 1-апрелдан 1-октябргача бўлган давр учун 39,772 миллиард куб метр сув режалаштирилган. Тожикистон лимити 7,052 миллиард куб метрни ташкил этади. Туркманистонга 15,5 миллиард куб метр, Ўзбекистонга 16,02 миллиард куб метр ажратилган. Яна 2,1 миллиард куб метр сув Амударё делтаси ва Орол денгизи учун белгиланган.

Тожикистон учун Сирдарёдаги «Баҳри Тожик» сув омборининг иш режими ҳам муҳим аҳамиятга эга. Май ойида Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон 2026-йил июнь–август ойларида сув омборининг ишлаш тартибини алоҳида келишиб олганди. Қозоғистон томони ушбу келишувлар Туркистон вилоятининг Махтаарал ва Жетисай туманларидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сув билан таъминлашга хизмат қилишини маълум қилган. Шу боис август ойидаги йиғилиш Тожикистон учун белгиланган сув лимитларига амал қилиниши ҳамда суғориш мавсуми қизғин паллада «Баҳри Тожик» сув омбори фаолиятини қўшни давлатлар билан мувофиқлаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.

Маълумот учун, Марказий Осиё давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради ҳамда минтақадаги трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишни мувофиқлаштиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиёда Амударё ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув меъёрдан камлиги сабаб, келгуси вегетация мавсумида сув танқислиги эҳтимоли борлиги ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid