add

Музокаралар «самарали», аммо жанглар давом этмоқда: Абу Дабида илк кун якунлари

Bugun 12:353 daqiqa

Абу Дабида АҚШ воситачилигида ўтаётган Украина ва Россия ўртасидаги тинчлик музокараларининг биринчи куни «самарали» деб баҳоланди. Бироқ музокаралар давом этаётган бир пайтда ҳам Украина ҳудудига ракета зарбалари берилиши можаро ҳал этилиши йўлидаги асосий қарама-қаршиликларни яна бир бор намоён қилди.

Музокаралар «самарали», аммо жанглар давом этмоқда: Абу Дабида илк кун якунлари

Украина ва Россия расмийлари АҚШ воситачилигида Абу Дабида ўтаётган янги музокараларнинг биринчи кунини «самарали» якунлади. Бу ҳақда Киевнинг бош музокарачиси, Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши раҳбари Рустем Умеров кеча, 4 феврал куни X ижтимоий тармоғидаги ёзди.

Икки кунлик уч томонлама учрашувлар Украина президенти Владимир Зеленский Россия ўтган ҳафта АҚШ қўллаб-қувватлаган энергетик сулҳдан фойдаланиб, ўқ-дориларни захиралагани ва 3 феврал куни Украинага рекорд миқдорда баллистик ракеталар билан ҳужум қилганини айтганидан сўнг бошланди.

«Иш мазмунли ва самарали бўлди, аниқ қадамлар ва амалий ечимларга қаратилди», – деб ёзди Умеров.

Изоҳ бериш учун исмини ошкор қилмасликни сўраган АҚШ расмийси ҳам музокараларни самарали деб атади ва улар бугун, 5 феврал куни эрталаб давом этишини билдирди.

00

Зеленский кечки видеомурожаатида музокаралар ҳақиқий тинчликка олиб келиши, Россияга урушни давом эттириш учун янги имконият яратиб бермаслиги жуда муҳим эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Украинанинг ҳамкорлари Москвага босимни кучайтириши керак.

«Бу ҳозироқ сезилиши шарт. Украинадаги одамлар вазият чиндан ҳам тинчликка ва урушнинг тугашига қараб кетаётганини ҳис қилиши керак, Россия барчасини ўз фойдасига ишлатиб, ҳужумларни давом эттираётган томонга эмас», – деди Зеленский.

Зеленский, шунингдек, музокаралар яқин орада янги асирлар алмашинувига олиб келиши кутилётганини билдирди.

Президент Франциянинг «France 2» телеканалига берган интервюсида Россия билан уруш оқибатида жанг майдонида ҳалок бўлган украиналик ҳарбийлар сони тахминан 55 минг нафарни ташкил этишини айтди. Зеленский 2025 йил феврал ойида АҚШнинг «NBC» телеканалига берган интервюсида ҳалок бўлганлар сони 46 мингдан ортиқ эканини айтган эди.

Музокаралар бошланганидан кўп ўтмай, Россия қўшинлари Украина шарқидаги гавжум бозорга кассетали ўқ-дорилар билан зарба берди, оқибатда камида етти киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди.

000

БАА Ташқи ишлар вазирлиги томонидан кун бошида эълон қилинган суратларда уч делегация U-шаклдаги стол атрофида ўтиргани, марказда эса АҚШ расмийлари – жумладан, махсус вакил Стив Уиткофф ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер ўтиргани акс этган.

Россия музокаралар гуруҳига Қуролли кучлар Бош штаби Бош разведка бошқармаси раҳбари Игор Костюков бошчилик қилди.

Парижда дипломатик манбаларнинг айтишича, Франция президенти Эммануэл Макроннинг энг юқори мартабали дипломати Эммануэл Бонн 3 феврал куни Кремлда Россия расмийлари билан учрашган. Манбалардан бири учрашувнинг мақсади асосий масалалар, энг аввало Украина бўйича мулоқот олиб бориш эканини айтди, аммо тафсилот келтирмади.

Асосий масалалар бўйича катта фарқлар сақланиб қолмоқда

Трамп маъмурияти тўрт йилдан бери давом этаётган урушни тугатиш учун Киев ва Москвани муросага чорламоқда, аммо АҚШ расмийлари иштирокида бир неча бор музокаралар ўтказилганига қарамай, томонлар асосий масалаларда ҳали ҳам жуда узоқ.

«Яхши хабар шундаки, жуда узоқ вақтдан бери илк бор Украина ва Россиядан ҳарбий-техник жамоалар бизнинг экспертларимиз иштирок этадиган майдонда учрашмоқда. Музокараларнинг ўзиёқ тараққиёт демоқчи эмасман, аммо мулоқот бўлаётгани яхши», – деди АҚШ давлат котиби Марко Рубио кеча, 4 феврал куни Вашингтонда.

Энг нозик масалалар – Москва Киев ҳали назорат қилиб турган ҳудудлардан воз кечишини талаб қилиши ва Россия ишғолидаги ҳудудда жойлашган, Европадаги энг йирик Запороже атом электр станциясининг келажаги.

Москва ҳар қандай келишув учун шарт сифатида Киев Донецк вилоятининг барча ҳудудларидан, жумладан Украина мудофаасининг энг мустаҳкам нуқталари ҳисобланган шаҳарлардан қўшинларини олиб чиқишини талаб қилмоқда.

Украина эса можарони ҳозирги фронт чизиқлари бўйлаб музлатиш кераклигини айтмоқда ва қўшинларни бир томонлама олиб чиқишни рад этмоқда.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков кеча, 4 феврал куни Россия қўшинлари Киев урушни тугатишга олиб келиши мумкин бўлган «қарорлар» қабул қилмагунча жангларни давом эттиришини билдирди.

Россия Украина миллий ҳудудининг тахминан 20 фоизини, жумладан Қримни ва 2022 йилги босқиндан олдин эгаллаб олинган Донбасснинг шарқий қисмларини назорат қилмоқда. Таҳлилчиларнинг айтишича, Россия 2024 йил бошидан бери Украина ҳудудининг тахминан яна 1,5 фоизини эгаллаган.

Teglar

Mavzuga oid