Logo

АҚШдаги сиёсий ўзгаришлар Марказий Осиё билан алоқаларга таъсир қиладими?

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Boeing самолётларини етказиб бериш 2031-йилдан бошланиши кутилмоқда. Қозоғистоннинг «Wabtec» компанияси билан тузган 4,2 млрд долларлик келишуви эса ўн йилга мўлжалланган. Демак, Марказий Осиё АҚШ бизнеси учун муҳим бозор ҳисобланади.

АҚШдаги сиёсий ўзгаришлар Марказий Осиё билан алоқаларга таъсир қиладими? © newlinesinstitute.org

3-ноябр куни АҚШда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда Демократлар партияси Конгресс устидан назоратни қўлга киритди. Шу тариқа президент Доналд Трампнинг Республикачилар партияси Конгрессдаги кўпчилик мақомини йўқотди. Бироқ демократлар Марказий Осиё бўйича ўзлари ҳам шакллантиришда қатнашган сиёсатни давом эттириш имкониятига эга. Бу сиёсат АҚШ ишлаб чиқарувчилари учун миллиардлаб долларлик буюртмалар билан ҳам боғлиқ.

Дипломатия ортидаги Америка иш ўринлари

Қозоғистон «Wabtec» компанияси билан келишувни 2025-йил сентябр ойида имзолаган. АҚШ Савдо вазирлиги маълумотига кўра, Пенсилвания штатида жойлашган компания кейинги ўн йил давомида Қозоғистонга юк ташувчи 300 та локомотив учун эҳтиёт қисмлар тўпламини етказиб беради. Вазирлик ушбу келишув АҚШда 11 мингдан ортиқ иш ўрнини сақлаб қолиш ва яратишга хизмат қилишини билдирган.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» дастлаб «Boeing» компаниясидан 14 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётини сотиб олишга буюртма берган. Шунингдек, яна 8 та самолёт харид қилиш имкониятини ҳам сақлаб қолган. АҚШ Савдо вазирлиги дастлабки келишувнинг умумий қийматини тахминан 8,5 миллиард долларга баҳолаган. Кейинчалик авиакомпания қўшимча 8 та самолётни ҳам сотиб олишга қарор қилган. Натижада буюртмалар сони 22 тага етган.

Бу харидлар Қозоғистон ва Ўзбекистонга Вашингтон билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун яна бир имконият беради. Чунки Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик АҚШ корхоналарига янги буюртмалар ва Америка фуқаролари учун иш ўринларини тақдим этади. Шу сабабли АҚШ ишлаб чиқарувчилари Конгрессда қайси партия кўпчиликни ташкил этишидан қатъи назар, минтақа билан алоқалар давом этишидан манфаатдор.

Байден давридан Трамп давригача

Марказий Осиё билан фойдали қазилмалар соҳасидаги ҳамкорлик АҚШда президент алмашганидан кейин ҳам давом этди.

Жо Байден маъмурияти 2024-йил сентябр ойида Ўзбекистон билан муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги меморандумни имзолаган. Ушбу келишув дунё бозорида муҳим минераллар етказиб бериш манбаларини кўпайтириш ва таъминот занжирларини диверсификация қилишга қаратилган эди.

Доналд Трамп президентлиги даврида ҳам муҳим минераллар ва рақамли инфратузилма масалалари кун тартибидан тушмади. Хусусан, 19-октябр куни Самарқандда ўтказилган C5+1 саммитида бу масалалар муҳокама қилинди. АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати Каспий денгизи орқали ўтувчи Транскаспий йўлаги бўйлаб савдони кенгайтириш ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни кучайтиришни қўллаб-қувватлади.

АҚШ Конгрессида ҳам Марказий Осиё билан ҳамкорлик масаласида икки партия вакиллари бир хил позицияни қўллаб-қувватлаётган ҳолатлар бор. Масалан, октябр ойида демократик сенатор Крис Кунс ва республикачӣ сенатор Тим Шихи АҚШнинг иттифоқчилари билан кончилик ва фойдали қазилмаларни қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этди. Унинг мақсади муҳим минералларни етказиб бериш занжирларини мустаҳкамлашдан иборат.

Шунингдек, феврал ойида демократлар ва республикачилар томонидан қўллаб-қувватланган сунъий интеллект бўйича қонун лойиҳаси қайта тақдим этилди. У АҚШнинг ушбу соҳадаги илмий тадқиқотлар ва технологияларни синовдан ўтказиш имкониятларини ривожлантиришга қаратилган.

Қозоғистон ҳам бу йўналишда АҚШ компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Хусусан, 2026-йилнинг июн ойида мамлакат Американинг «Firebird» технология компанияси билан сунъий интеллект инфратузилмаси ва юқори ҳисоблаш қувватларини ривожлантириш бўйича келишувлар имзолаган.

Марказий Осиё АҚШ учун нафақат муҳим минераллар манбаи, балки Америка технологиялари учун ҳам янги бозор ҳисобланади. Бу йўналишларнинг иккаласи ҳам демократлар ва республикачилар томонидан қўллаб-қувватлаб келинган. Шу боис Конгрессда кўпчиликка айланган демократларнинг ҳам минтақа билан алоқаларни давом эттириш учун ўз манфаатлари бор.

Конгресс олдидаги ҳал қилинмаган масалалар

Демократлар Конгрессдаги кўпчиликни 2027-йилнинг январидан бошлаб эгаллайди. Бу уларга қўмиталар устидан назорат ва қонун лойиҳаларини қабул қилиш, шунингдек, ҳукумат фаолиятини назорат қилишда кўпроқ имконият беради.

Бироқ Марказий Осиё давлатлари Вашингтондаги икки муҳим тарафдоридан айрилади. 2024-йилда Сенатда Марказий Осиё бўйича гуруҳ тузган республикачи Стив Дейнс ва демократ Гари Питерс 2027-йил январ ойида сенаторликдан кетади.

Уларнинг ўрнини эгаллайдиган сенаторлар минтақа билан савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича ҳали ҳал қилинмаган масалаларга дуч келади. Хусусан, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳанузгача Совуқ уруш давридан қолган Жексон–Вэник тузатиши таъсирида. Ушбу ҳужжат икки давлат билан савдо қилишга айрим чекловлар қўяди. Уни бекор қилиш бўйича эса бир неча йилдан бери чақириқлар янграмоқда.

2025-йилнинг ноябр ойида республикачӣ ва демократик сенаторлар ушбу чекловларни бекор қилишга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этган эди.

2026-йил сентябр ойида АҚШ Вакиллар палатасида ўтказилган эшитувларда ҳам ҳар икки партия вакиллари чекловларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилди. Унда Қозоғистоннинг уран экспорти ва муҳим минераллар савдосини кенгайтириш имкониятлари ҳақида сўз борди.

Шундай қилиб, АҚШ компаниялари Марказий Осиё давлатлари билан 2030-йилларгача давом этадиган йирик шартномалар тузаётган бир пайтда, Конгресс ҳали ҳам 1974-йилда жорий этилган савдо чекловларини бекор қилиш масаласини ҳал қила олмаган.

Энди янги Конгресс ушбу масала бўйича қарор қабул қилиши керак. Энг муҳими, демократлар ва республикачилар томонидан билдирилган қўллаб-қувватлаш амалда қонун қабул қилинишига олиб келадими ёки йўқми — бу ҳозирча очиқ қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка ташқи сиёсат идорасининг раҳбари Ўзбекистонга келганди. Самарқандга келган америкалик тадбиркорлар орасида «Boeing» авиакомпанияси, «Citibank» банки ва «Franklin Templeton» инвестиция фонди вакиллари, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар билан ишлайдиган компаниялар бор эди.

Teglar

Mavzuga oid