
«NBU Invest Group» устав капиталини камайтириб, активларни банкка ўтказмоқда
«NBU Invest Group» устав капиталини қисқартириб, 52,3 млрд сўмлик активларни NBUʼга ўтказмоқда. Асосий улуш — нақд пул эмас, дебиторлик.

Январ ойи бошида «NBU Invest Group» АЖ навбатдан ташқари умумий йиғилишида устав капиталини камайтириш доирасида банкка активлар ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди. Ташқаридан қараганда, бу «оддий процедура»дек кўринади. Аммо рақамлар ва активлар таркиби шуни кўрсатадики, гуруҳ ичида инвест активлар қайта жойлашмоқда ва бу жараёнда «актив» деганда кўпинча нақд пул эмас, балки талаб ҳуқуқи (дебиторлик) ҳам назарда тутилмоқда.
«NBU Invest Group» қандай ташкилот?
«NBU Invest Group» акциядорлик жамияти бўлиб, Ўзбекистон Миллий Банки (NBU) экотизимидаги инвест ва корпоратив активлар билан ишловчи тузилмадир. Очиқ маълумотларда компаниянинг 100 фоиз акциядори NBU сифатида қайд этилади.
Акциядорлик жамиятида устав капитали камайиши одатда акцияларнинг номинал қийматини тушириш ёки акциялар сонини қисқартириш ва кейин уларни белгиланган тартибда аннулировка қилиш орқали расмийлаштирилади. «NBU Invest Group» контекстида акциялар қисқартирилиб кейин бекор қилинади (аннулировка) ва натижада устав капитали камаяди.
Бу кўпинча компания ҳолати ёмонлашганидан далолат эмас. Аксинча, бу ўзгариш гуруҳ ичида активларни «тўғри жой»га қўйиш, капитал структурасини ҳуқуқий жиҳатдан мослаштириш, эмиссия ва устав ҳужжатларини «тозалаш» учун хизмат қилади.
Акциялар
04.09.2025 санасидаги қарорда устав фондини 353 601 600 000 сўмга камайтириш ва бунинг учун 353 601 600 дона акцияни (ҳар бири 1000 сўмдан) қисқартириб, кейин белгиланган тартибда аннулировка қилиш назарда тутилган эди. Шу босқичда активлар NBU ва давлат активларини бошқариш йўналишида қайта тақсимланиши, шунингдек аввал рўйхатдан ўтган эмиссия қарорига ўзгартириш киритилиши, айрим бандларни ҳақиқий эмас деб топиш кўрсатилган.
Дебиторлик
2026 йил 9 январ санасидаги қарорга кўра, устав фондини камайтириш ҳисобига НБУга «Zominsoy Development Invest 2» бўйича 34 296 161 500 сўмлик талаб ҳуқуқи (дебиторлик), «Zominsoy Development Invest 3» бўйича 14 278 534 500 сўмлик талаб ҳуқуқи (дебиторлик) ва 3 736 514 000 сўм пул маблағлари ўтади. Жами: 52 311 210 000 сўм (≈ 52,3 млрд сўм) қийматга эга актив банк тасарруфига ўтказилади. Банкка ўтган активларнинг катта қисми нақд пул эмас, талаб ҳуқуқлари (дебиторлик) тақрибан 92,9 фоизини, нақд пул эса 7,1 фоизни ташкил этади.
Талаб ҳуқуқи (дебиторлик) «кимдир менга қарздор» деган молиявий талаб ҳисобланади. У ҳам актив, лекин ликвидлиги пастроқ, дарҳол пулга айланмайди, риск профили бошқача, яъни тўлов кечикиши ёки тўланмаслик эҳтимоли мавжуд, қиймати амалда ундириш механизми ва тўлов интизомига боғлиқдир.
Эмиссия қарорини аннулировка қилиш
Бу жараён ҳар доим ҳам салбий эмас. Кўпинча бундай бандлар устав капитали ўзгаргани учун аввалги эмиссия ҳужжатларини мослаштириш, регистрация жараёнини қайта тартибга солиш, реструктуризация кетма-кетлигини ҳуқуқий жиҳатдан тоза қилиш билан боғлиқ бўлади. Бу қарорлар банк экотизимида активлар гуруҳ ичида қайта жойлашаётганини кўрсатади.
100 фоиз гуруҳ ичидаги тузилмаларда активларни бир юридик шахсдан бошқасига ўтказиш балансни оптималлаштириш ва рискни қайта тақсимлаш мақсадида амалга оширилиши мумкин. Инвест-компания балансида активлар битимлардан келиб чиққан дебиторлик кўринишида бўлиши нормал, лекин бу нормал ҳолат ликвидлик саволини автоматик ёпмайди. Компаниялар одатда устав фондини бекорга камайтирмайди. Аммо аниқ мотивларни 100 фоиз айтиш учун қўшимча ошкоралик керак.
Оқибатлар ва кутилмалар
Реструктуризация натижасини мантиқий диапазонда олиб қарасак, энг яхши ҳолатда, дебиторлик бўйича тўловлар бошланади ва талаб ҳуқуқи нақдга айланади, трансфер банк ликвидлигига реал таъсир қилади. Ёки, қисман ундириш, қисман чўзилиш натижасида актив шунчаки қоғозда туради, ликвидлик эса секин эффект беради.
Энг ёмон ҳолатда, кечикиш ёки умуман тўланмаслик сабаб талаб ҳуқуқи рискли активга айланади ва банкка қўшимча риск юклайди. «NBU Invest Group» бўйича қабул қилинган қарорлар банк экотизимида капитал дизайни ва активлар жойлашуви қайта созланаётганини кўрсатади. Талаб ҳуқуқлари реал пулга қачон ва қандай шартларда айланиши эса кейинги дисcлосуре ва ундириш динамикасида кўринади.
Г.Бозорова тайёрлади.





