Хитой чип ишлаб чиқарувчиси бир кунда қарийб 500 фоизга қимматлаб, мамлакатдаги энг қиммат компанияга айланди
Акциялар нархи кескин ошгани сабабли компаниянинг бозор қиймати 3,65 триллион юанга (тахминан 539 миллиард доллар) етди. Савдолар давомида компания ҳатто Хитойнинг йирик технологик компанияси «Tencent»дан ҳам ўзиб кетди.
© Getty ImagesХитойнинг CXMT чип ишлаб чиқарувчи компанияси Шанхай фонд биржасидаги илк савдо кунида акциялари 500 фоиздан кўпроқ ошди. Натижада компания Хитойдаги энг қиммат оммавий савдога чиққан компанияга айланди. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.
CХМТ акциялари биринчи савдо кунида 8,66 юандан 55 юангача кўтарилди. Бунга инвесторларнинг сунъий интеллект учун керакли хотира чипларига бўлган талаб ошишига қизиқиши сабаб бўлди. Акциялар нархи кескин ошгани сабабли CХМТ компаниясининг бозор қиймати 3,65 триллион юанга (тахминан 539 миллиард доллар) етди. Савдолар давомида компания ҳатто Хитойнинг йирик технологик компанияси «Tencent»дан ҳам ўзиб кетди.
«Tencent»нинг бозор қиймати тахминан 514 миллиард доллар эди. Бироқ кун якунида CХМТ бироз пасайиб, «Tencent»дан кейинги ўринга тушди, лекин барибир Хитойдаги энг қиммат компаниялардан бири бўлиб қолди.
CXMT IPO (компаниянинг фонд биржасига чиқиши ва акцияларини биринчи марта оммага сотиши) вақтида акцияларини 8,66 юань нархда сотувга чиқарди ва 6,7 миллиард дона акция сотиб, 57,92 миллиард юань (8,6 миллиард доллар) маблағ йиғди. Бу жорий йилда Осиёдаги энг йирик IPOлардан бири бўлди. Шунингдек, компанияда яна 1 миллиард дона қўшимча акция чиқариш имконияти мавжуд бўлиб, бу амалга ошса, жалб қилинган маблағ қарийб 10 миллиард долларга етиши мумкин.
CХМТ йиғилган маблағларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда компьютерларда қисқа муддатли маълумот сақлаш учун ишлатиладиган DRAM хотира чипларини ишлаб чиқишга сарфламоқчи. Компанияга бўлган катта қизиқиш Хитойда сунъий интеллект учун керакли технологиялар ишлаб чиқарувчи компанияларга инвестициялар кўпайгани билан боғлиқ. CХМТ акцияларининг нархи ошиши сабаб компаниянинг баҳоси жуда юқори даражага чиқди. Бунга компания фойдасининг тез ўсиши ҳам сабаб бўлмоқда.
CXMTнинг глобал чип бозоридаги ўрни
CХМТ 2025-йилнинг биринчи чорагида 33 миллиард юань (4,9 миллиард доллар) даромад олган. Бу сўнгги ўн йилдаги 37 миллиард юань зарар кўрган давридан кескин фарқ қилади. Ҳозирги вақтда CХМТ дунёдаги DRAM хотира чипларини ишлаб чиқарувчи тўртинчи йирик компания ҳисобланади. Ундан олдинда «SK hynix», «Samsung Electronics» ва «Micron» компаниялари туради. DRAM чиплари серверлар, компьютерлар, камералар ва бошқа кўплаб қурилмаларда ишлатилади.
2025-йил маълумотларига кўра, CХМТ жаҳон DRAM бозорининг 7,67 фоизини эгаллаган. Компаниянинг Пекин ва Анхой провинциясидаги Хефей шаҳрида учта ишлаб чиқариш заводи мавжуд. Шунга қарамай, CХМТ ҳали ҳам жаҳон етакчиларидан ортда қолмоқда. Бунга сабаб АҚШнинг экспорт чекловлари бўлиб, компания энг илғор чип ишлаб чиқариш ускуналаридан, жумладан Нидерландиянинг ASML компанияси технологияларидан тўлиқ фойдалана олмайди.
Аммо экспертлар CХМТ келажакда янада ўсишига ишонмоқда. Бунга Хитой ҳукуматининг сунъий интеллект соҳаси учун мустақил чип ишлаб чиқариш тизимини яратиш стратегияси сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой ЙИ санкцияларига жавобан 14 та Европа компаниясига экспорт чекловларини жорий қилганди.


