Logo

«Uztex Group» Чирчиқдаги «Zarofattex»ни қўшиб олишга рухсат олди

Bugun 10:332 daqiqa

Рақобат қўмитаси «Uztex Group»нинг яна бир йирик битимига рухсат берди.

«Uztex Group» Чирчиқдаги «Zarofattex»ни қўшиб олишга рухсат олди © uztexgroup.com

«Uztex Group» МЧЖнинг «Zarofattex» МЧЖни қўшиб олиши бўйича иқтисодий концентрация битими Рақобат қўмитаси томонидан маъқулланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум қилинишича, компания томонидан иқтисодий концентрацияга розилик бериш ҳақида мурожаат тақдим этилган. Ҳужжат Рақобат қўмитасининг Махсус комиссияси томонидан ўрганилиб, товар бозорида рақобат муҳитига эҳтимолий таъсири таҳлил қилинган.

Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан ўтказилган таҳлил натижаларига кўра, мазкур битим бозорда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатмаслиги бўйича хулосага келинган ва аризани қаноатлантириш ҳамда битимга розилик бериш ҳақида қарор қабул қилинган.

Компаниялар фаолияти

«Uztex Group» трикотаж кийимлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. «Zarofattex» эса тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ва пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқаради.

«Uztex Group»нинг устав фонди 300,56 млрд сўмни ташкил этади. Компаниянинг 90 фоиз улуши Жанубий Корея фуқароси Ким Чжонга (Ким Жонг), қолган 10 фоизи эса Тимур Ғаниевга тегишли.

«Zarofattex» 2022 йилда ташкил этилган. Компаниянинг устав фонди 1 млн сўм бўлиб, ягона таъсисчиси Шерзод Худайбердиев, раҳбари эса Рашид Каримов ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, ҳар икки компания расман Чирчиқ шаҳрида рўйхатдан ўтган. Шунингдек, «Zarofattex» учун кўрсатилган юридик манзил «Uztex Group» манзили билан бир хил экани очиқ маълумотларда қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси «Uztex Group» таъсисчиси Фарҳод Маматжоновнинг «Perfectum» савдо белгиси остида фаолият юритувчи «Rubicon Wireless Communication» компаниясининг 50 фоиз улушини сотиб олиш бўйича иқтисодий концентрация битимини ҳам маъқуллаган эди.

Teglar

Mavzuga oid