Ўлдими ёки тирик? Президентларнинг «вафоти» ҳақида тарқалган хабарлар
Яқинда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг вафоти ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Бу у ҳақида тарқалган биринчи бундай хабар эмас. Имомали Раҳмон ҳам бундай вазиятга дуч келган биринчи президент эмас.
Имомали Раҳмон
Тожикистоннинг 73 ёшдаги президенти Имомали Раҳмон вафот этибди, соғлиғи ёмон экан, чет элга даволанишга кетибди, деган гапларни эшитган бўлсангиз керак. Бунга унинг 2 ҳафта давомида омма олдида кўринмай қолгани сабаб бўлди. Дастлаб кимдир у таътилда эканини айтса, яна кимдир даволаниш учун Хитойнинг Ҳайнан оролига учиб кетганини ёзди. Тахмин-у миш-мишлар қанча авж олмасин, Тожикистон расмийлари жим қолди, бу эса шу мавзудаги муҳокамаларнинг янада ортишига олиб келди.
Охир-оқибат, миш-мишлар исботини топмади. Ҳукумат ёки президент маъмурияти вакиллари бундай хабарларга муносабат билдириб, рад этмаган бўлсада, Имомали Раҳмон 14 феврал куни Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Сзоу Сзяини қабул қилгани эълон қилинди. 15 февралда эса Имомали Раҳмон Хитой раиси Си Жингпинни Хитой янги йили билан қутлаб, видеотабрик эълон қилди, эртаси куни эсаа Душанбеда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермак Кошербоевни, кейин эса Ўзбекистон бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди.
Шундай қилиб, Имомали Раҳмон ўлмаган, у тирик ва ҳамон давлат ишлари билан шуғилланмоқда. Унинг ўлими ҳақидаги хабарлар эса яна олдинги сафаргидек ҳақиқатга тўғри келмайди.
Ҳа тўғри эшитдингиз, бу Имомали Раҳмоннинг биринчи марта «ўлиши» эмас. 2017 йилда ижтимоий тармоқларда Имомали Раҳмоннинг соғлиғи ҳақида фаол муҳокамалар бўлиб ўтган. Ҳукуматга яқин айрим ОАВлар эса унинг аҳволи ёмонлашганини юқори иш юкламаси билан изоҳлаган.
2020 йилда мухолифат унинг касал бўлиб, Германияда даволанаётгани мумкинлиги ҳақида даъволарни илгари сурган, бироқ кейинчалик ҳукумат бу маълумотларни рад этган. Шунингдек, 2022 йилда Қирғизистон билан чегарадаги ҳодисалардан сўнг Имомали Раҳмон тахминан икки ҳафта давомида омма олдида кўринмаган ва бу ҳам унинг соғлиғидаги муаммоларга боғланган.
Нега ўзи бундай миш-мишлар тез-тез тарқалади дейсизми? Биринчидан, Имомали Раҳмон 1994 йилдан бери ҳокимият тепасида. Бу жуда узоқ муддат. Жамоатчиликни эса ворислик мавзуси қизиқтиради. Мамлакат Конституциясига кўра, агар Тожикистон президенти вақтинча ёки доимий равишда ўз вазифасини бажара олмаса, давлат раҳбарлиги Миллий Мажлис раисига ўтади. Ҳозир бу лавозимда Имомали Раҳмоннинг ўғли – Рустам Имомали ўтирибди.
Шунингдек, рақамли ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқлар ривожланган бугунги даврда мамлакатда ахборот сиёсати анча ёпиқ ва бу ҳам турли миш-мишлар тез тарқалишига сабаб бўлади.
Назарбоевлар
Ўлгани ёки соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар фақат Имомали Раҳмон ҳақида тарқалмаган. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг турмуш ўртоғи Сара Назарбоева ҳам бу борада Тожикистон президентидан ортда қолмайди. 2020 йилда президентликдан кетиб, элбошилик қилиб юрган Нурсултон Назарбаевнинг соғлиғи ёмонлашгани ва ҳатто вафот этгани ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Ўшанда унинг матбуот котиби Айдос Укибой бундай хабарларни рад этиб, уларни провакация деб атаганди.
«Буларнинг барчаси – фитна ва ёлғон. Ишонтириб айтаманки, Нурсултон Назарбоев буткул соғлом ва ҳатто карантин шароитида ҳам ватан равнақи учун меҳнат қилишда давом этмоқда», – деган Укибой.
Орадан бир ой ўтиб эса Назарбоевнинг каронавирусга чалингани эълон қилинди. 2023 йилда эса Назарбоев Остонадаги миллий кордиология жарроглик марказида операция қилинди. Укибай амалиёт муваффақиятли ўтганини тасдиқлади.
2024 йил 26 декабрда ижтимоий тармоқларда Сара Назарбоеванинг вафоти ҳақида хабар тарқалди. Эртаси куни тармоқлар техник хатолик учун узр сўради ва Нурсултон Назарбоевнинг матбуот хизмати бу хабарни рад этди.
2025 йилга шу каби ҳолат яна такрорланди. Дастлаб у шифохонага ётқизилди, аммо унинг қандай хасталикка чалингани айтилмади. Май ойи ўрталарида у 84 ёшида Олмаотада оламдан ўтгани айтилди. Бу ҳам фейк эди. Хабарлар чиққан куннинг ўзида Укибой буни рад этди. Унинг соғлиғи оғир деб баҳоланган бўлса-да, ўлими ҳақида расмий маълумот йўқ эди.
Беш ой ўтиб, яна Сара Назарбоеванинг соғлиги ҳақида хабарлар тарқалгач, матбуот котиби Сара Назарбоева жорий йилнинг апрел ойидан буён Олмаота шаҳридаги Қозоғистон Республикаси Президент ишлари бошқармаси тиббиёт марказининг Миллий шифохонасида даволанаётгани, барча тиббий муолажалар тасдиқланган тиббий ёрдам стандартларига мувофиқ, маҳаллий мутахассислар назорати остида амалга оширилаётганини маълум қилди.
2026 йилга келиб маълум бўлдики, Сара Назарбоева 2025 йил апрел ойида кенг кўламли миокард инфарктини бошдан кечирган. Инфарктдан сўнг Назарбоева узоқ вақт давомида сунъий нафас олиш ва сунъий буйрак аппаратларига улаб қўйилган. Шифохонадаги 9 ой давом этган муолажалардан сўнг Назарбоева уйига кетган.
Гурбангули Бердимуҳаммедов
2019 йилда Туркманистоннинг ўша пайтдаги президенти Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўлими ҳақидаги миш-мишлар кенг тарқалган. 2019 йил 5 июльдан кейин омма олдида кўриниш бермаган Гурбангули Бердимуҳаммедов ижод билан машғул бўлиш учун 15 июл куни таътилга чиққани маълум қилинган. У 5 июл куни ҳукумат йиғилиши ўтказган ва қатор фармонларни имзолаган. 6 июль куни мамлакатга Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини келган, президент эса уни қабул қилмаганди. Туркманистон президентининг ўлими ҳақида илк хабарлар 20 июл куни пайдо бўлди.
«Хроника Туркменистана» ўшанда Туркманистон президентининг «ғойиб бўлиши» унинг онаси Германияга оғир аҳволда олиб кетилгани билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ёзди. Май ойида ҳам президент вафоти ҳақида хабарлар тарқалган, лекин кейинроқ аслида унинг онаси Огулабат Бердимуҳаммедова оғир хасталикка чалингани ва унга қараш учун Ашхободга туркиялик шифокорлар етиб келгани маълум бўлган. «Хроника Туркменистана» хабарига кўра, президентнинг онаси Германияда даволанишда бўлган. ОАВ маълумотига кўра, президент самолётини охирги марта 12 июл куни Германия ҳудудида кўришган.
Туркманистоннинг Россиядаги элчихонаси вакили 2019 йил 21 июльда Бердимухамедовнинг вафоти ҳақида тарқалган миш‑мишлар бутунлай ёлғон деб изоҳлаган.
Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов 2019 йил 12 августда миллий иқтисодий форумда кўриниш бериб, 20 дақиқа давомида маъруза қилган, кейин эса Россия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Эрон етакчилари билан форум доирасида учрашув ўтказган. Шу билан у бу миш-мишларга якун ясади.
Доналд Трамп
Шунга ўхшаш холат АҚШ президенти Доналд Трамп билан ҳам содир бўлган. 2025 йилнинг август ойида ижтимоий тармоқлар, хусусан X, TikTok ва бошқа платформаларда Доналд Трампнинг вафоти тўғрисида миш мишлар тез тарқалди. 29 август куни АҚШ вице-президенти Жеймс Вэнс агар Доналд Трампга нимадир бўлса, давлат раҳбари бўлишга тайёрлигини айтгани эса оловга ёғ сепгандек бўлди. Бироқ англаганингиздек, бу фейк бўлиб чиқди ва Трамп ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғида ўзини ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ ҳис қилаётганини ёзди.
Владимир Путин
Россия президенти Владимир Путин ҳам тез-тез ўлдига чиқарилади. 2023 ва 2024 йилларда турли телеграм каналлар, Twitter/X ва блогларда «Путин вафот этди» ёки «Кремл яширин хабар тарқатди» каби постлар пайдо бўлган. Бу хабарлар кейинчалик расмий манбалар томонидан рад этилган ва Путин омма олдида чиқишлар билан ўзининг соғлом эканини кўрсатган.
Ражаб Тоййиб Эрдўған
Шундай етакчилар орасида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам бор. Унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги миш-мишлар 2011 йилдан бери турли вақтларда тарқалади. Унинг саммитда юришга қийналгани акс этган видеолар, COP26 музокараларида, партияси ҳукуматга келганлигининг 19 йиллиги муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида иштирок этмагани, байрам муносабати билан эълон қилинадиган табрик видеоларда бироз адашиб кетгани шу каби миш‑мишлар оммалашишига сабаб бўлади.
Бундай ҳолатда баъзан расмийларнинг рад этиши билан кифояланган бўлса, баъзан Эрдўған баскетбол ўйнаётгани акс этган видеолар ҳам чиқарилган.
2021 йилда эса Эрдўғаннинг ўлими ҳақида хабарлар тарқалигани ортидан Туркия полицияси томонидан 30 киши ҳуқуқий жараёнларга тортилган.
Умумий қилиб айтганда, давлат раҳбарлари катта сиёсий ва иқтисодий ҳокимиятга эга бўлгани боис, улар ҳақидаги ҳар бир маълумот омма учун қизиқ. Кўп давлатларда раҳбарлар соғлиғи ва шахсий ҳаёти ҳақида маълумотлар чуқур махфий сақланади. Бу эса миш‑мишларга майдон беради. Раҳбарнинг узоқ вақтда омма олдида кўринмаслиги ва расмий баёнотнинг кечикиши ҳам миш‑миш тарқалишига сабаб бўлади. Мухолифат ёки рақобатчи гуруҳлар эса раҳбарнинг саломатлиги ёки вафоти ҳақида миш‑миш тарқатиш орқали нотинчлик ва шов-шув яратишга ҳаракат қилади.
Шунингдек, Telegram, Twitter, YouTube каби платформалар миш‑мишларни жуда тез тарқатиш имконини беради.
Teglar






