Logo

Оролни қутқариш учун 3,3 млрд долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилади

Kecha 19:502 daqiqa

Пулларни Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғарма ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар беради.

Оролни қутқариш учун 3,3 млрд долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилади © Fofo: wikipedia

Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари, экология ва ижтимоий-иқтисодий йўналишларни қамраб олган 133 та лойиҳа ишлаб чиқилган ва лойиҳаларнинг қиймати 3,3 миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Улар Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғарма ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кўмагида молиялаштирилади. Ушбу лойиҳалар доирасида сув хўжалиги иншоотларини модернизация ва реконструкция қилиш, сув ресурсларини тақсимлаш, ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этиш, гидрометеорологик маълумотлар мониторинги, тошқинлар ва қурғоқчилик бўйича прогнозлаш ҳамда эрта огоҳлантиришнинг минтақавий рақамли платформасини яратиш, аҳолини ичимлик суви ва санитария хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш каби кўплаб чора-тадбирлар илгари сурилади.

Президент ушбу лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаб, келгуси йилда бажариладиган ишларга доир ойлар кесимида «йўл харитаси»ни тасдиқлаш ва ижросини ташкил этишни топширди. Лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга халқаро экспертлар, профессор-олимлар ва хориждаги ватандошларимизни ҳам жалб этиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон 2027–2029-йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилади.

Ўзбекистоннинг раислиги даврида жамғарма тузилмаси ва шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришни давом эттириш, унинг органлари ваколатларини аниқ тақсимлашни таъминлаш, Афғонистон билан конструктив ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади. Жамғарма кун тартибини Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари қарорлари билан уйғунлаштириш ва бошқа кўплаб масалалар эътибор марказида бўлади.

Амударё ва Сирдарё ҳавзалари бўйича маълумотларнинг ягона базаси яратилади, чўлланишга қарши минтақа олимлари билан қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилиб, инвестиция ва грант маблағлари жалб қилинади, Марказий Осиё ва Афғонистон учун сув хўжалиги бўйича бакалавриат ва магистратура дастурлари ишга туширилади.

Ўзбекистоннинг Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислиги даврида режалаштирилган чора-тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга ошириш, бунда мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан қўшни давлатлар билан алоқаларни янада фаоллаштириш, вилоят ҳокимларининг иштирокини таъминлаш, қўшма таълим ва тадқиқотлар орқали минтақада сув дипломатиясини янги босқичга олиб чиқиш вазифаси қўйилди.

Teglar

Mavzuga oid

Оролни қутқариш учун 3,3 млрд долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилади | Vaqt.uz