Ўзбек тили учун сунъий интеллект асосида интеллектуал платформа яратилади

21.10.2025 | 13:001 daqiqa

Президент давлат тилини рақамли муҳитга интеграция қилиш бўйича қарор имзолади. Лойиҳа орқали сунъий интеллект асосида ўзбек тилини қўллаб-қувватлаш ва янги атамалар реестрини яратиш кўзда тутилган.

Ўзбек тили учун сунъий интеллект асосида интеллектуал платформа яратилади

Ўзбекистон президенти давлат тилини ривожлантириш ва уни замонавий ахборот технологияларига интеграция қилиш чораларини белгилаган қарорни имзолади. Бу ҳақда UzА хабар берди.

Ҳужжатга кўра, ўзбек тилини сунъий интеллект ёрдамида қўллаб-қувватлайдиган махсус платформа ишлаб чиқиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат тайёрланади. Мазкур вазифа Рақамли технологиялар вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Фанлар академиясига юклатилди. Лойиҳа 2026 йил 1 майгача ҳукуматга тақдим этилиши керак.

Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2025 йил 1 декабргача электрон платформа яратиш бўйича илмий танлов эълон қилади. Янги тизим фуқаролар томонидан билдирилаётган фикр ва таклифларни қайд этиб, янги қабул қилинган сўз ва атамаларни электрон реестр орқали тўплаб боради. Шу билан бирга, у изоҳли ва имло луғатларини ягона маълумотлар базасида жамлайди.

Аввалроқ Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов парламент муҳокамасида сунъий интеллектни ўзбек тилида ишлатиш имкониятлари чекланганини қайд этган эди. У хорижий тажрибани жорий этиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилган ва тил ресурсларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда 15 та ташкилотдан маълумотлар тўпланиб, электрон ҳукумат тизими орқали 90 мингга яқин маълумотлар базаси шакллантирилган. Шунингдек, ўзбек тилидаги «катта тил модели» (LLM)ни яратиш учун 10 миллиард сўздан иборат корпус тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid