Ўзбекистон гўштни Ҳиндистоннинг ўзида ишлаб чиқариб, импорт қилмоқчи
Қишлоқ хўжалиги вазирининг таъкидлашича, лойиҳа доирасида қўшма корхоналар ташкил этилиб, гўшт Ҳиндистонда халқаро ва ҳалол сертификатлар талабларига мувофиқ тайёрланади ҳамда Туркиянинг Мерсин порти орқали уч томонлама логистика занжири асосида Ўзбекистонга олиб келинади.
© Foto: zakon.kzЎзбекистон Ҳиндистонда гўшт ишлаб чиқаришни ташкил этиб, маҳсулотни ички бозорга етказиб бериш бўйича иш олиб бормоқда. Бу ҳақда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ОАВга берган интервюсида маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, Ҳиндистоннинг нисбатан арзон гўштини Ўзбекистон бозорига олиб кириш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган. Ҳиндистоннинг йирик гўшт ишлаб чиқарувчи ва ҳалол маҳсулот экспортчиси «Allana Group» билан эса «жуда катта режалар» мавжуд.
Янги келишувларга бош вазир Нарендра Модининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган. Лойиҳа доирасида гўштни Ҳиндистонда сўйиш ва тайёрлаш, белгиланган талаблар асосида сертификатлаш ҳамда кейин Ўзбекистонга экспорт қилиш кўзда тутилмоқда.
Ҳалоллик асосий талаб
Қайд этилишича, бу жараёнда энг муҳим жиҳатлардан бири — гўштнинг ҳалоллиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўлади.
Бунинг учун ўзбекистонлик мутахассислар Ҳиндистонга бориб, гўштни сўйиш ва тайёрлаш жараёнида иштирок этади. Маҳсулот тегишли халқаро ва ҳалол сертификатлар асосида тайёрланиб, кейин Ўзбекистонга экспорт қилинади.
Логистика ҳам алоҳида йўналиш сифатида қаралмоқда. Томонлар Туркия орқали, жумладан, Мерсин портидан фойдаланган ҳолда Ҳиндистон — Ўзбекистон йўналишида уч томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш устида ишламоқда.

