Ўзбекистонда 500 kVt қувватли қуёш электр станцияси қурилмоқда
Франция компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа қишлоқ хўжалиги ерларида энергия олиш учун қуёш фото панелларини ўрнатишни ўз ичига олади.
© Energetika vazirligi19 июн куни Франциянинг Voltalia компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган агроволтаика лойиҳаси доирасида 500 kVt қувватли қуёш электр станцияси қурилишига старт берилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қурилишга старт бериш маросимида Энергетика вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти масъуллари, шунингдек Voltalia компанияси бош ижрочи директори Роберт Кляйн иштирок этди.
Пилот лойиҳа доирасида қуёш панелларини ўрнатиш ва электр энергиясини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Тадбир давомида лойиҳанинг амалга ошириш босқичлари, уни республика ҳудудларида кенгайтириш имкониятлари ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар қурилиш майдонида қуёш панелларини ўрнатиш жараёнига рамзий старт бериб, ҳудудда манзарали дарахтлар экдилар ва экологик ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
Маълумот учун: Агроволтаика — бу бир ҳудуднинг ўзида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, ҳам қуёш энергияси ишлаб чиқаришни уйғунлаштирувчи инновацион ечимдир. Бундай тизим ер майдонларидан самарали фойдаланиш, экинларни кучли қуёш нурларидан ҳимоя қилиш ва бир вақтнинг ўзида қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 апрель куни Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува туманида агроволтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуаси билан танишгани ҳақида хабар берилган эди.





