Logo

Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ЙИМдаги улуши 22 фоиздан пасайди

Bugun 19:202 daqiqa

2026-йилнинг январ-сентябр ойларида кузатилмайдиган иқтисоднинг ялпи қўшилган қиймати 382,7 трлн сўмни ташкил этди. Унинг энг катта улуши, яъни 57,6 фоизи қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ЙИМдаги улуши 22 фоиздан пасайди © Foto: lunainc

2026-йилнинг январ-сентябр ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги (ЙИМ) улуши 21,8 фоизни ташкил этди ва унинг ялпи қўшилган қиймати 382,7 трлн сўмга етди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ортда қолган тўққиз ой мобайнида мамлакат ЙИМ ҳажми 1,755 квадриллион сўмга етиб, реал ҳисобда 8,3 фоизга ўсган. Бу фонда кузатилмайдиган иқтисодиётнинг ЙИМдаги улушида кетма-кет пасайиш динамикаси қайд этилмоқда.

Хусусан, мазкур кўрсаткич жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича 22,9 фоизни, ўтган 2025 йилнинг мос даврида (январ-сентябр ойларида) эса 23,9 фоизни ташкил қилган эди.

Тармоқлар кесимидаги ҳолат ва ўзгаришлар

Январ-сентябр ойлари якунлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, кузатилмайдиган иқтисодиётнинг энг катта улуши анъанавий равишда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги ҳиссасига тўғри келмоқда — 57,6 фоиз.

Кейинги ўринларни хизматлар соҳаси (23,8 фоиз), қурилиш (8,3 фоиз) ҳамда саноат тармоқлари (4,9 фоиз) банд этган.

Ушбу кўрсаткичлар жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари билан таққосланганда, тармоқлар таркибида сезиларли ўзгаришлар юз бергани ойдинлашади.

Жумладан, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 60,5 фоиздан 57,6 фоизгача пасайган.

Шунингдек, кескин камайиш тенденцияси қурилиш соҳасида 17,8 фоиздан 8,3 фоизгача, саноат тармоқларида эса 6,7 фоиздан 4,9 фоизгача қайд этилди. Бироқ, барча тармоқларда ҳам пасайиш кузатилмаган: хизматлар соҳасида яширин иқтисодиёт кўрсаткичининг ўсиши кузатилиб, унинг улуши 23 фоиздан 23,8 фоизгача ортган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги икки шаҳар аҳолиси даромадларини декларация қилиниши ҳақида хабар берилганди. Декларацияда меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги, мулкий, моддий фойда тарзидаги ва бошқа даромадлар кўчмас мулк, кўчар мулк ва мажбуриятлар бўйича харажатлар кўрсатилади.

Teglar

Mavzuga oid