Logo

Паспорт ва ID-карталарда «Ö», «Ğ», «Ş» ва «Ç» ҳарфлари қандай ёзилади? Ягона қоидалар ишлаб чиқилади

Bugun 11:253 daqiqa

Ҳукумат қарори лойиҳасига кўра, биометрик паспорт ва ID-карталарда такомиллаштирилган алифбодаги ҳарфларни халқаро лотин ёзувига ўтказиш — транслитерация қилиш қоидалари қайта кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.

Паспорт ва ID-карталарда «Ö», «Ğ», «Ş» ва «Ç» ҳарфлари қандай ёзилади? Ягона қоидалар ишлаб чиқилади © Sun'iy intelekt

Ўзбекистонда биометрик паспортлар ва идентификация ID-карталарида такомиллаштирилган ўзбек алифбосидаги янги ҳарфларни акс эттириш ҳамда халқаро лотин ёзувига транслитерация қилиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбек алифбосига киритилган ўзгаришларни жамиятнинг барча соҳаларида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат лойиҳаси 2026 йил 21 октябрдаги ЎРҚ–1184-сон Қонун ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу қонун билан алифбодаги 4 та ҳарф «O‘ o‘ – Ö ö», «G‘ g‘ – Ğ ğ», «Sh sh – Ş ş», «Ch ch – Ç ç» тарзида ўзгартирилган.

Чора-тадбирлар дастури лойиҳасига кўра, Ички ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан биометрик ҳужжатлар ва ID-карталарнинг машина ўқийдиган зонасига (MRZ) исм, фамилия ва бошқа маълумотларни транслитерация қилиш қоидаларини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда.

Жараённи қуйидаги босқичларда амалга ошириш таклиф этилган:

— 2027 йил январь ойида малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузиш;

— 2027 йил февралда амалдаги транслитерация қоидалари ва дастурий алгоритмларни хатловдан ўтказиб, ICAO Doc 9303 халқаро стандарти талабларига мувофиқ ягона қоидаларни ишлаб чиқиш, заруратга кўра ICAO ташкилоти билан маслаҳатлашувлар ўтказиш;

— 2027 йил мартда MRZ зонасида маълумотларни халқаро лотин ҳарфларида ифодалашнинг ягона транслитерация қоидаларини тайёрлаш;

— 2027 йил апрелда янги қоидаларни MRZ зонасини шакллантириш ва персоналлаштириш тизимларида синовдан ўтказиш;

— 2027 йил майда синов натижалари асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Шунингдек, 2027 йил январь–апрель ойларида биометрик ҳужжатлар ва ID-карталарнинг визуал маълумотлар зонасида (VIZ) такомиллаштирилган ўзбек алифбоси ҳарфларини акс эттиришнинг техник имкониятларини ўрганиш ва персоналлаштириш тизимларига мослаштириш бўйича техник талабларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Эски паспорт ва шахсий ҳужжатлар кучини йўқотмаслиги кўзда тутилмоқда

Қарор лойиҳасида қонун кучга киргандан бошлаб бериладиган Ўзбекистон фуқароси, чет давлат фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг идентификация ID-картаси, хорижга чиқиш биометрик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномалари, автомобиль техник паспорти ва кадастр ҳужжатларини такомиллаштирилган алифбода расмийлаштириш таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, уларнинг амалдаги алифбода тайёрланган бланкаларидан 2028 йил 1 январга қадар фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.

Давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари ходимларининг хизмат гувоҳномаларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатларда алмаштирилаётганда янги алифбода расмийлаштириш белгиланмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, амалдаги қонунчилик асосида расмийлаштирилган барча ҳужжатлар, шу жумладан, шахсий ва мулкий ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар уларда ҳарфларнинг аввалги шакли мавжудлигидан қатъи назар, ўз юридик кучини сақлаб қолади. Фуқароларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми аввалги ёки такомиллаштирилган ҳарф шаклида ёзилгани сабабли шахсни аниқлаш, ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, давлат хизматларидан фойдаланиш ёки ҳужжатларни қабул қилиш рад этилишига йўл қўйилмаслиги таклиф этилмоқда.

Маълумот учун, ўзбек тилининг лотин ёзувига ўтиши 1993 йилда бошланган ва 1995 йилда алифбо сезиларли ўзгартирилган. Алифбони янгилаш тўғрисидаги амалдаги қонун 2026 йил 7 июлда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, 10 сентябрда Сенат томонидан маъқулланган ва 21 октябрда президент томонидан имзоланган.

Teglar

Mavzuga oid