add

Попда ўрмон хўжалиги ерларини «пуллаган» мансабдорлар аниқланди

Kecha 09:282 daqiqa

Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигида ер, ижара ва норуда материаллар билан боғлиқ коррупция ҳолатлари аниқланди.

Попда ўрмон хўжалиги ерларини «пуллаган» мансабдорлар аниқланди

Жорий йил январ ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш ҳолати текширилди. Текширув натижаларига кўра, ердан фойдаланиш тартиби қўпол равишда бузилгани, ижара муносабатларида қонун талабларига амал қилинмагани ҳамда давлат манфаатларига катта миқдорда зарар етказилгани аниқланди.

Маълум бўлишича, хўжалик ерларини ижарага олган беш нафар тадбиркор тегишли рухсатномаларсиз бино ва иншоотлар қурган, айрим ер участкаларининг ихтисослашуви ўзбошимчалик билан ўзгартирилган. Мансабдор шахсларнинг назоратсизлиги ва вазифасига совуққонлик билан ёндашуви ушбу қонунбузарликларга шароит яратган.

Ижара тўловлари ундирилмаган

Шунингдек, 460 нафар ижарачидан ижара тўловлари ундирилмагани сабабли давлат манфаатларига 1 млрд 480 млн сўм зарар етказилгани қайд этилди. Бу ҳолат молиявий интизомнинг йўқлиги ва ички назорат механизмларининг самарасизлигини кўрсатади.

Текширув давомида ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил бириктирган ҳолда 2023–2025 йилларда жами 5356 куб метр норуда материалларни ноқонуний қазиб олгани маълум қилинди. Ушбу ҳаракатлар оқибатида давлатга қўшимча равишда 1 млрд 322 млн сўм зарар етган.

Ноқонуний ер сотиш

Бундан ташқари, тезкор тадбирлар давомида ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси ер участкасини турар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтда ушланди. Кейинчалик ушбу пулдан 500 доллар олган Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ҳам қўлга олинди.

Яна бир ҳолатда, ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс ерни электрон аукционсиз ижарага бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган. Барча ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбирлар давомида пора олиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам фош этилди. Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда бир қатор мансабдор шахслар ашёвий далиллар билан ушланди.

Teglar

Mavzuga oid