Logo

Президент қарори: Наслдор қорамол парваришлаш учун субсидиялар берилади

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб наслдор қорамолларни парваришлаётган хўжаликларга давлат томонидан босқичма-босқич молиявий ёрдам ажратилади.

Президент қарори: Наслдор қорамол парваришлаш учун субсидиялар берилади

«Чорвачилик тармоғи лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди. Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан 2030 йил 1 январга қадар наслчилик хўжаликларига идентификация қилинган урғочи наслдор қорамолларни парваришлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади.

Субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан босқичма-босқич тўлаб берилади.

Субсидия миқдори

Қарорга кўра, биринчи наслдор урғочи бузоқ олинганда 1,5 миллион сўм, иккинчи наслдор урғочи бузоқ олинганда эса 2 миллион сўм субсидия ажратилади.

Шунингдек, олинган бузоқ 12 ойликкача сақланса 1 миллион сўм, 12 ойдан 18 ойликкача парвариш қилинса яна 1 миллион сўм тўланади.

Янги сервис корхонаси

Қарор билан Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги муассислигида махсус сервис корхонаси ташкил этилади.

У хорижда чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш, чет давлатлардан йирик ва майда шохли молларни импорт қилиш, карантин пунктларини ташкил этиш ҳамда чорва етказиб берилгандан кейин камида 12 ой давомида озиқлантириш, ветеринария, сунъий уруғлантириш, наслчилик ва зоотехник хизматларни ўз ичига олган сервис пакетини тақдим этади.

Teglar

Mavzuga oid