
Путин иқтисодиёт секинлашганини тан олди: ўсиш 1 фоизга тушди
Россия иқтисодиёти 2025 йилда кескин секинлашди. Кремл инфляцияга қарши чораларни сабаб сифатида кўрсатмоқда, экспертлар эса рецессия хавфидан огоҳлантиряпти.

Россия иқтисодиёти 2025 йил якунларига кўра атиги 1 фоизга ўсган. Бу ҳақда РФ президенти Владимир Путин иқтисодий масалалар бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилди. Унинг айтишича, бу кўрсаткич аввалги йилларда қайд этилган суръатлардан анча паст.
Путин 2023 ва 2024 йилларда иқтисодий ўсиш мос равишда 4,1 фоиз ва 4,3 фоиз бўлганини эслатди. У жорий пасайишни «қўлдан ясалган» деб атаб, уни инфляцияни пасайтириш бўйича кўрилган чоралар билан изоҳлади.
Расмий статистикага кўра, 2025 йилда инфляция 5,6 фоизни ташкил этган, бу 2024 йилдаги 9,5 фоиздан анча паст. Бироқ президент йил бошида инфляция яна тезлашганини ҳам тан олди.
Инфляция ва иқтисодий босим
Росстат маълумотларига кўра, ҚҚС оширилганидан сўнг ҳафталик нарх ўсиши 2022 йилдан бери энг юқори даражага чиққан. Йиллик инфляция эса 6,4 фоизга етган.
Путиннинг таъкидлашича, ҳукумат ва Марказий банк бу ҳолатни қисқа муддатли деб ҳисобламоқда. Асосий мақсад эса иқтисодий ўсиш суръатларини қайта тиклаш.
Бунинг учун иқтисодиётда таркибий ўзгаришлар режаси ишга туширилган. У бизнес муҳитини яхшилаш, инвестицияларни кўпайтириш ва меҳнат унумдорлигига устувор аҳамият беришни назарда тутади. Президент вазирларга режани белгиланган график асосида бажаришни топширди.
Экспертлар: рецессия хавфи юқори
Мутахассислар эса расмий оптимизмни бўлишмаяпти. Буюк Британиядаги NEST Centre тадқиқотчиси Сергей Алексашенко Россия иқтисодиётини уч томонлама босим қийнаётганини таъкидлайди: ҳарбий харажатлар, юқори фоиз ставкалари ва санкциялар сабаб технологияларга чекланган кириш.
Халқаро валюта жамғармаси Россия учун ўсиш прогнозини 0,8 фоизга туширган. Бу жаҳон иқтисодиёти ўртача ўсишидан тўрт баравар паст. Айрим инвестиция мутахассислари эса 2026 йилда ўсиш 0,3 фоиздан ошмаслигини, айрим чоракларда эса пасайиш бўлишини кутмоқда.
Ҳукуматга яқин таҳлил марказлари ҳам иқтисодиёт рецессия ёқасига келиб қолгани ҳақида огоҳлантирмоқда.
Аввалроқ Путин ҚҚС оширилиши ортидан нақд пул устидан қаттиқ назорат талабини қўйгани ҳақида хабар берган эдик




