Россия солиқ тузоғига илинмоқда: иқтисодиёт «соғин сигир»га айланмоқда

22.10.2025 | 17:002 daqiqa

Россия иқтисодиёти тўрт йилдан бери давом этаётган уруш фонида солиқ босими ортиши натижасида рецессия хавфига дуч келди. Ҳукумат бюджет дефицитини тўлдириш учун солиқларни оширмоқда, аммо бу қарор иқтисодий ўсишни сўндириб, даромадларни янада қисқартириши мумкин.

Россия солиқ тузоғига илинмоқда: иқтисодиёт «соғин сигир»га айланмоқда

Россия ҳукумати 2026 йилги давлат бюджети лойиҳасида янги солиқ оширишларини белгилади, бу эса иқтисодчилар фикрича, иқтисодиёт учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Reuters агентлиги суҳбатдошларининг таъкидлашича, ҳукуматнинг солиқ сиёсатини кучайтириш орқали бюджетдаги тешикларни ёпиш уриниши «солиқ тузоғи»ни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Сўнгги тўрт йилда давлат харажатлари 1,7 баробарга ошган — асосий маблағ армия ва қуролланишга сарфланмоқда. Бу орқали бюджет танқислиги ўсди ва ҳукумат эса солиқ босимини бир неча марта оширди. 2025 йилдан бошлаб жисмоний шахслар даромад солиғи учун прогрессив шкала, фойда солиғи, соддалаштирилган солиқ тизими чекловлари ҳамда автомобилларга утилсизатор тўловлари оширилди. 2026 йилда эса ҚҚС 22 фоизга кўтарилиши кутилмоқда.

Иқтисодчи Евгений Надоршиннинг сўзларига кўра, ҳукумат фуқаролар ва бизнесни «геосиёсий эҳтиёжларни таъминловчи соғин сигир»га айлантирди. «Ҳукумат иқтисоддан шунчаки бор ширасини сиқиб олаётгандек», — деди у киноя билан.

Россия Молия вазири Антон Силуанов солиқларни оширишни «қарз ва инфляция хавфларини камайтириш учун энг самарали чора», деб атади. Аммо таҳлилчилар «солиқ спирали» хавфига огоҳлантирмоқда: солиқлар ошган сари ишлаб чиқариш ва фаолият қисқаради, бу эса бюджет тушумларининг яна пасайишига олиб келади.

«Иқтисодиёт ҳозир ҳам кучли эмас, солиқлар ошса, у яна секинлашади. Натижада солиқ базаси торгаяди ва ҳукумат яна солиқларни оширишга мажбур бўлади», — дейди «Т-инвестиции» бош иқтисодчиси Софья Донец.

Россия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2026 йилда иқтисодий ўсиш 1–1,3 фоиздан ошмаслигини башорат қилган. ЦМАКП маркази эса ҚҚС оширилиши фонида ЯИМнинг реал ҳажми камайиши мумкинлигини таъкидлаган.

Надоршин фикрича, ҳозирги сиёсат ресурсларни чегарага етказмоқда: «Иқтисодиёт энди геосиёсий эҳтиёжларни таъминлай олмаяпти, чунки у босимни шунчаки кўтаролмайди. Бу йилда бюджет кутилган солиқларни ололмади — сабаби ният эмас, имконият йўқ».

Teglar

Mavzuga oid