add

Шавкат Мирзиёев Покистон бош қўмондони билан учрашди

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Шавкат Мирзиёев Покистон бош қўмондони билан учрашди © Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 феврал куни Исломобод шаҳрига келгач, «Глобал саноат ва мудофаа ечимлари» компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюриб, Мудофаа кучлари бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг қуруқликдаги қўшинлари қўмондони, фелдмаршал Асим Мунир билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари муҳокама қилинган.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, бугунги кунда хавфсизликка таҳдид солаётган хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Икки мамлакатнинг етакчи мудофаа саноати корхоналари ўртасидаги кооперация алоқаларини фаоллаштириш, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш дастурларини кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ўқув тадбирларини ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.

Транспорт ва логистика соҳасида истиқболли инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш масалалари ҳам кун тартибида бўлган.

Ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Ўзбекистон Президенти учрашув якунида «Глобал саноат ва мудофаа ечимлари» компаниясининг ишланмалари, жумладан, Покистоннинг замонавий ҳарбий техникаси ва қурол-яроғ намуналари билан танишди.

Ташриф дастурига кўра, бугун, 5 феврал куни Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири билан, эртага, 6 февралда эса Покистон президенти билан учрашиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid