Logo

SpaceX биринчи марта «Starship» кемасини орбитага учирди

Bugun 21:111 daqiqa

Бу — тарихдаги энг оғир ракета.

SpaceX биринчи марта «Starship» кемасини орбитага учирди

SpaceX компанияси «Starship» космик кемасини орбитага муваффақиятли учирди.

Кема тахминан 275 километр баландликка кўтарилди. У орбитада 26 та Starlink В3 сунъий йўлдошини жойлаштирди.

Умуман олганда, «Starship» деярли ўн соат давомида Ер атрофини тахминан олти марта айланиб чиқиши, шундан сўнг Тинч океанига қўниши керак.

Янги парвоз «Starship» учун орбитага биринчи тўлақонли чиқиш бўлди. Бунгача ракета 13 марта суборбитал траекторияларга учирилган бўлиб, улардан саккизта парвоз муваффақиятли якунланган.

Маълумот учун, «Starship» тизими икки асосий қисмдан — Super Heavy ракета-блоки ва Starship космик кемасидан иборат. «Starship»нинг баландлиги тахминан 123 метр, тўлиқ йиғилган ҳолдаги оғирлиги эса 5 минг тоннадан ортиқ бўлиши мумкин.

SpaceX «Starship»ни келажакда инсонларни Ой ва Марсга олиб бориш, шунингдек, катта ҳажмдаги юкларни орбитага чиқариш учун ишлатишни режалаштирган.

Starlink V3 — SpaceX’нинг аввалги Starlink авлодларига нисбатан юқорироқ ўтказувчанликка мўлжалланган сунъий йўлдошлар авлоди. Улар катта ҳажмдаги маълумотларни узатиш имкониятини ошириш учун ишлаб чиқилган. Ушбу парвоз «Starship» дастурида муҳим босқич ҳисобланади, чунки аввалги синовлар асосан суборбитал траекториялар бўйича амалга оширилган.

«Starship» орбитага чиқиши билан SpaceX’нинг йирик юкларни Ер орбитасига олиб чиқиш ва кейинчалик қайта фойдаланиладиган космик транспорт тизими яратиш режаларидаги муҳим босқич амалга оширилди.

Teglar