
Судандаги қонли қирғин давом этмоқда: шифохонадаги 460 киши отиб ўлдирилди
Ал-Фаширдаги ягона ишлаётган шифохона босиб олиниб, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари томонидан беморлар, уларнинг яқинлари ва тиббиёт ходимлари оммавий равишда отиб ўлдирилди.

Октабр ойи охирида «Тезкор ҳаракат кучлари» — Суданда ҳукумат армиясига қарши курашаётган ҳарбийлашган гуруҳ - Ал-Фашир шаҳрини эгаллади. Бу мамлакат ғарбидаги Шимолий Дарфур минтақасининг маъмурий маркази бўлиб, тахминан бир ярим йил давомида қамалда турган эди. Бир неча кундан сўнг, ҳуқуқ ҳимоячилари Саудия шифохонасида (Сауди Hospital) - Ал-Фаширнинг асосий касалхонасида бир неча юз киши ўлдирилгани ҳақида маълум қилишди.
«Судан шифокорлар тармоғи» нодавлат ташкилотининг хабар беришича, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари шифохонада бўлган барча одамларни, жумладан беморлар ва уларга ҳамроҳ бўлганларни совуққонлик билан қатл этишган. Бундан ташқари, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари олти нафар тиббиёт ходимини — тўрт шифокор, бир дорихоначи ва бир ҳамширани ўғирлашда айбланмоқда. «Шифокорлар тармоғи» уларни озод қилиш учун 150 минг доллардан ортиқ товон пули талаб қилинаётганини маълум қилди. Ташкилот қурбонлар сони ҳақида аниқ маълумотга эга эмас, бироқ шаҳар эгаллангач, унинг тиббиёт муассасалари «қушхоналарга айлангани»ни таъкидлади. Саудия шифохонасига ҳужум ҳақида Ал-Фашир қаршилик қўмитаси — маҳаллий фаоллар гуруҳи ҳам хабар берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебреесус Саудия шифохонасида 460 дан ортиқ бемор ва уларга ҳамроҳ бўлган одамлар ўлдирилганини маълум қилди. Бундан ташқари, аввалроқ ЖССТ Судандаги тиббиёт муассасаларига 185 та ҳужумни қайд этган бўлиб, натижада 2023 йил апрелда бошланган фуқаролик можароси бошланганидан бери 1204 киши ҳалок бўлган ва яна 416 киши жароҳатланган.
ЖССТ баёнотида айтилишича, 26 октабрда шаҳарда қисман фаолият кўрсатаётган ягона тиббиёт муассасаси бўлган шифохонага бир ой ичида тўртинчи марта ҳужум уюштирилган (бунда ташкилот шифохонага ким ҳужум қилганини аниқлаштирмаган ва «Тезкор ҳаракат кучлари»ни тилга олмаган).
«Ўша куни бир ҳамшира ҳалок бўлди, яна уч нафар тиббиёт ходими жароҳат олди. Икки кундан сўнг, 28 октябрда олти нафар тиббиёт ходими ўғирлаб кетилди. Худди шу куни шифохона биносида 460 дан ортиқ одам отиб ўлдирилди», - дея таъкидлади ЖССТ.
BBC журналистлари ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеоёзувларни таҳлил қилиб, «Тезкор ҳаракат кучлари» жангчилари қуролсиз бир неча кишини ўлдираётганини аниқлашди.
Ал-Фашир қамали бир ярим йил давом этди. 2025 йил февралидан бошлаб очарчилик ва оммавий ҳужумлар шароитида шаҳарга гуманитар ёрдам етказиб бериш тўхтатилди, озиқ-овқат ва дори-дармонлар захиралари деярли тугади. Шу билан бирга, у ерда 260 мингга яқин тинч аҳоли, жумладан 130 минг бола қолган эди. Кўпчилик учун Саудия шифохонаси сўнгги бошпанага айланди.
БМТнинг гуманитар масалалар бўйича собиқ вакили Ян Эгеланд Ал-Фаширни «Ер юзидаги энг даҳшатли жой» деб атади. «Ойлар давомидаги қийинчиликлар, очлик ва тиббий ёрдамнинг йўқлигига энди оммавий қотилликлар ҳам қўшилди. Бу дунёдаги энг йирик гуманитар инқироз бўлиб, деярли эътиборсиз қолмоқда - унга ҳаддан ташқари кам диққат қаратилмоқда», - деди у.





