add

Сунъий интеллектда шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов бериш жавобгарликка тортилади

Bugun 17:302 daqiqa

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, сунъий интеллектдан фойдаланиш тартиби белгиланди. Қонунчилик бузилганда катта миқдорда жарима қўлланилади.

Сунъий интеллектда шахсга доир маълумотларга ноқонуний ишлов бериш жавобгарликка тортилади

Ўзбекистонда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб, рақамли муҳитда шахсга доир маълумотлар дахлсизлигини таъминланади. Бу бўйича 21 январда қабул қилинган ЎРҚ–1115-сонли Қонун билан ахборотлаштириш соҳасидаги қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Сунъий интеллектдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асослари

Қонунга мувофиқ, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонунга сунъий интеллект технологияларидан фойдаланишнинг умумий асосларини белгилайдиган нормалар киритилди ҳамда ушбу соҳада ваколатли давлат органининг аниқ ваколатлари белгиланди.

Унда сунъий интеллект инсон билим ва кўникмаларига тақлид қилиш, мустақил ўрганиш, ечимлар излаш ва аниқ вазифаларни бажариш орқали инсон ақлий фаолияти натижаларига таққосланадиган хулосаларни бериш имконини яратувчи технологик ечимлар мажмуи дея таърифланади.

Шу билан бирга, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларига дахлдор, юридик аҳамиятга эга қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект асосида ишлайдиган ахборот тизимлари хулосаларига тўлиқ таянишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. Бу норма инсон омилини сақлаб қолиш ва автоматлаштирилган қарорлардан келиб чиқадиган хавфларни чеклашга қаратилган.

Қандай жавобгарлик қўлланилади?

Қонунда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш ёки уларни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари ҳамда Интернет орқали тарқатиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бундай ҳолатларда ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача, яъни 41 миллион 200 минг сўмгача жарима солиниши мумкин.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатаси «Apple Pay» ва «Google Pay» каби халқаро тўлов тизимларини Ўзбекистонда жорий этилиши учун тегишли қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни маъқуллаган эди.

Teglar

Mavzuga oid