add

«Apple Pay» ва «Google Pay» Ўзбекистонга кириши учун қонунга тузатиш киритилмоқда

Қонунчилик палатаси халқаро тўлов тизимларини мамлакатда жорий этилиши учун тегишли қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни маъқуллади.

«Apple Pay» ва «Google Pay» Ўзбекистонга кириши учун қонунга тузатиш киритилмоқда

20 январ куни бўлиб ўтган мажлисда Қонунчилик палатаси «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунга киритиладиган тузатишларни биринчи ўқишда қабул қилди. Ушбу ўзгартишлар айрим тоифадаги шахсий маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлаш имкониятини яратиб, халқаро рақамли тўлов тизимларини Ўзбекистон бозорига киритишга хизмат қилади.

Рақамли тўлов тизимлари учун ҳуқуқий асос

Мажлисда таъкидланишича, мамлакатда молиявий технологияларни ривожлантириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш ва рақамли иқтисодиётни жадаллаштириш давлат сиёсати устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу боис, халқаро онлайн тўлов компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун амалдаги қонунчиликни замон талабларига мослаштириш зарур деб топилди.

Маълумотларни сақлаш бўйича янги ёндашув

Қонун лойиҳасида Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар турлари аниқ белгилаб қўйилмоқда. Айни пайтда, айрим маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлашга рухсат бериш учун хавфсизликни таъминлаш, халқаро стандартларга риоя қилиш ҳамда ваколатли органлар талабларини бажариш шартлари жорий этилади.

Инвестиция ва туризмга таъсир

Депутатлар фикрича, мазкур тузатишлар «Apple Pay» ва «Google Pay» каби глобал тўлов тизимларини жалб қилиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва рақамли хизматлар бозорини кенгайтиришга ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, бу сайёҳлар ва фуқаролар учун замонавий тўлов имкониятларини яратади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ компаниялари билан учрашувда «Apple Pay» ва «Google Pay»ни ишга тушириш, рақамли академиялар ҳамда стартап-хаблар тармоғини яратилишини таъкидлаганди.

Теглар

Мавзуга оид