
Украинада 14 ёшда ҳам никоҳ қуришга рухсат берилиши мумкин
Янги қонун лойиҳаси ҳомиладорлик ёки фарзанд туғилиши ҳолатида суд қарори билан эрта никоҳга йўл очиши мумкин.

Украинада вояга етмаганларнинг никоҳдан ўтиши учун янги қоидалар жорий этилиши кутилмоқда — мамлакатда муайян шартлар асосида 14 ёшдан никоҳ тузишга рухсат бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.
Қайд этилишича, тегишли меъёрлар янги Фуқаролик кодекси лойиҳасида кўзда тутилган бўлиб, у яқин вақт ичида Украина Олий Радаси муҳокамасига киритилиши мумкин.
Лойиҳага кўра, умумий никоҳ ёши аёллар учун ҳам, эркаклар учун ҳам 18 ёш бўлиб қолади. Шу билан бирга, никоҳни вақтлироқ рўйхатдан ўтказишга имкон берувчи истиснолар кўзда тутилмоқда.
Жумладан:
• Суд қарорига кўра, агар шахснинг манфаатларига мос келса, 16 ёшдан никоҳ қуриш ҳуқуқи берилиши мумкин.
• Агар аёл ҳомиладор бўлса ёки фарзанд дунёга келтирган бўлса, суд 14 ёшдан никоҳга рухсат бериши мумкин.
Алоҳида таъкидланишича, суд қарори мажбурий шарт бўлиб қолади — эрта никоҳ учун автоматик тарзда рухсат бериш кўзда тутилмаган.
Қайд этилишича, Украинанинг амалдаги қонунчилигида 14 ёшдан никоҳга рухсат бериш имконияти мавжуд эмас. Ҳозирда никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган, бироқ вояга етмаган шахснинг манфаатларига мос келиши исботланган тақдирда, суд қарори билан 16 ёшдан рухсат берилади.





