Қозоғистон бензин ва дизел экспортига қўйилган тақиқни узайтирди
Мамлакат 22 ноябрдан бошлаб бензин, дизел ва айрим нефт маҳсулотларини экспорт қилишни яна олти ойга чеклайди.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги бензин, дизел ёқилғиси ва айрим нефт маҳсулотларини мамлакатдан олиб чиқишга қўйилган чекловларни яна олти ой муддатга узайтирди. Бу ҳақда Қозоғистоннинг «Qazinform» ахборот агентлиги вазирликнинг тегишли буйруғига таяниб хабар берди.
Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов 2026 йил 30 октябрда имзолаган 397-н/қ сонли буйруққа мувофиқ, автомобил транспорти орқали бензин, дизел ёқилғиси ва айрим турдаги нефт маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш 2026 йил 22 ноябрдан то 2027 йил 22 майгача тўлиқ тақиқланади.
Чеклов фақат учинчи мамлакатларга эмас, балки «Евроосиё иқтисодий иттифоқи» («ЕОИИ») аъзоларига етказиб беришга ҳам бирдек татбиқ этилади. Россия, Қирғизистон, Беларус ва Арманистон билан бир қаторда бошқа йўналишларга, хусусан, Ўзбекистонга автомобил транспорти орқали экспорт қилиш ҳам ушбу янги тартиб доирасига тушади.
Вазирлик буйруғи темир йўл орқали ҳам айрим нефт маҳсулотларини экспорт қилишни чеклайди. Бундан ташқари, 2027 йил 1 январдан 30 июнгача «ЕОИИ» божхона ҳудудидан ташқарига айрим нефт маҳсулотларини олиб чиқишга алоҳида қатъий тақиқ жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, вазир буйруғи 10 кунлик расмий эълон қилиш муддати ўтгач, 2026 йил 16 ноябрдан қонуний кучга кириши белгиланган. Аммо экспорт чекловларининг асосий қисми 22 ноябрдан бошлаб амал қилади.
Қайси маҳсулотларни экспорт қилиш мумкин эмас?
Янги буйруқда экспорт чекловлари транспорт тури ва маҳсулот тоифасига қараб белгиланган.
Автомобил транспорти орқали 22 ноябрдан 2027 йил 22 майгача қуйидаги маҳсулотларни олиб чиқиш тақиқланади:
- автомобил бензини;
- дизел ёқилғиси;
- айрим енгил нефт дистиллятлари;
- бошқа белгиланган турдаги нефт маҳсулотлари ва уларнинг айрим аралашмалари.
Шу билан бирга, ҳужжатда муайян истиснолар ҳам сақлаб қолинган. Масалан, автомобил транспорти орқали экспортда мойлаш мойлари тақиққа киритилмайди. Шунингдек, автомобилнинг заводда ўрнатилган одатий ёқилғи бакидаги ёқилғини бир суткада бир мартадан ортиқ бўлмаган ҳолда чегарадан олиб чиқишга рухсат берилади.
Нега Қозоғистон экспортни чекламоқда?
Қозоғистон ҳукумати экспорт чекловларини ички бозорда нефт маҳсулотлари таъминотининг барқарорлигини таъминлаш ва энергетик хавфсизликни сақлаб қолиш зарурати билан изоҳламоқда.
Бундай кескин чоралар мамлакатда илк бор қўлланилаётгани йўқ. Бензин, дизел ва айрим нефт маҳсулотларини автомобил ва темир йўл орқали экспорт қилишга тақиқ 2025 йил 20 ноябрдан бошланган эди. 2026 йил 30 апрелдаги 175-н/қ сонли буйруқ билан ушбу чекловлар 21 майдан 21 ноябргача яна олти ойга узайтирилган. Янги ҳужжат эса айнан ушбу муддат якунланиши арафасида навбатдаги чеклов даврини белгиламоқда.
Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов 2026 йил 20 июнда ўтказилган ҳукумат йиғилишида мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводлари одатий тартибда ишлаётгани ва ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ қоплаётганини билдирган.
Ўша вақтда бензин, дизел ва авиация ёқилғисининг умумий захираси 1 миллион тоннадан ошгани маълум қилинган. Ҳукумат мамлакатда ёқилғи-мойлаш материаллари тақчиллиги йўқлигини алоҳида таъкидлаган.
Худди шу йиғилишда ёқилғини ноқонуний олиб чиқишга қарши назоратни кескин кучайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Қозоғистон Бош вазирининг расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, давлат органларига ёқилғи ишлаб чиқариш, ташиш ва захираларини мунтазам назорат қилиб бориш вазифаси топширилган.





