
Вафот этган миллиардернинг меросхўрлари 750 млн доллар солиқ тўлайдиган бўлди
Оламдан ўтиб кетган техаслик миллиардер Роберт Брокманнинг меросхўрлари солиқдан бўйин товлаш иши бўйича АҚШ тарихидаги энг йирик келишув доирасида 750 млн доллар тўлайдиган бўлишди.

АҚШлик дунёдан ўтган тадбиркор Роберт Брокманнинг меросхўрлари солиқ ва жарималар бўйича 750 млн доллар тўлашга рози бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар қилди.
Мазкур келишув АҚШ тарихида жисмоний шахслар иштирокидаги энг йирик солиқ фирибгарлиги ишларидан бири ҳисобланади. Илк бор давлат солиқ органлари 1,4 млрд доллар талаб қилган.
Талаб қилинган сумманинг 993 млн доллари тўланмаган солиқ ва жарималарга тўғри келади. Қолган қисми фоизлардан иборат бўлган. Аммо меросхўрлар фоизлар бўйича аниқ қанча тўлашини суд ҳужжатлари очиқламаган.
Роберт Брокман автомобил соҳасида дастурий таъминот билан шуғулланган йирик тадбиркор эди. 2020 йилда у солиқ фирибгарлигида айбланиб, даромадларни офшор компаниялар орқали яширгани айтилган. Терговга кўра, яширилган маблағлар ҳажми 2 млрд доллардан ошган.
Брокман айбловларни рад этган, аммо 2022 йилда 81 ёшида суд жараёнини кута туриб, вафот этган. Унинг солиқ масалалари бўйича маслаҳатчиси эса жиноий иш бошланишидан олдин ўз жонига қасд қилган.
Дунёдан ўтган тадбиркор камхаржлиги билан ҳам танилган. У арзон меҳмонхоналарда қолган, ишхонага келганда эса музлатилган таомлар билан чекланган. 2022 йилда «Forbes» унинг бойлигини 4,7 млрд доллар деб баҳолаганди.





