Хитой криптовалюталарга янги зарба берди
Пекин стейблкоинлар ва реал активларни токенлаштиришни молиявий барқарорликка хавф деб баҳолаб, криптобозор устидан назоратни янада кучайтиришга киришди.

Хитойда криптовалюта секторига оид тартибга солиш чоралари яна кучайтирилди. Бу ҳақда «Coin Desk» хабар бермоқда. Янги баёнотни мамлакатнинг саккизта миллий регулятори, жумладан Халқ банки ва Қимматли қоғозлар бўйича комиссия эълон қилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, глобал молиявий беқарорлик ва технологик ўзгаришлар шароитида виртуал валюталар ҳамда активларни токенизация қилиш билан боғлиқ спекулятив фаоллик молия тизими учун янги хавфлар туғдирмоқда. Шу асосда биткоин, эфир ва USDT каби стейблкоинлар билан савдо қилиш, чиқариш ёки воситачилик қилиш ноқонуний деб топилган.
Чекловлар фақат маҳаллий компанияларга эмас, балки Хитой ҳудудида хизмат кўрсатувчи хорижий ташкилотлар ва жисмоний шахсларга ҳам тааллуқли. Шунингдек, давлат рухсатисиз чет элда рақамли валюта чиқариш ҳам тақиқланди, ҳатто фаолият хорижий филиал орқали юритилса ҳам.
Стейблкоинларга босим
Регуляторлар алоҳида эътиборни стейблкоинларга қаратган. Уларнинг фикрича, бундай активлар давлат пулларининг асосий функцияларини такрорлаб, монетар назоратга таҳдид солиши мумкин.
«Стейблкоинлар суверен валюталарнинг асосий функцияларини қайта яратади ва молиявий барқарорликка хавф туғдиради», дейилади қўшма баёнотда.
Янги қоидаларга кўра, юанга боғланган стейблкоинларни ҳукумат рухсатисиз мамлакат ташқарисида чиқариш қатъиян тақиқланади. Бу талаб Хитой ва хорижий компанияларга бирдек татбиқ этилади.
Токенлаштириш назорати
Ҳужжатда реал активларни токенизация қилиш устидан назорат ҳам кескин кучайтирилган. Энди акциялар, кўчмас мулк ёки бошқа молиявий инструментларни рақамли токенга айлантиришни режалаштирган компаниялар регуляторлар билан келишув олиши ёки расмий ариза топшириши шарт.
Бундан ташқари, уларнинг молиявий ва технологик ҳамкорлари учун ҳам қатъий комплаенс талаблари жорий этилмоқда. Пекин ушбу чоралар орқали криптобозордаги хавфларни чеклаш ва миллий молиявий суверенитетни мустаҳкамлашни мақсад қилган.





