Хормуз бўғози ёпилди: Дунё янги «энергетик шок» остонасида турибди
Трампнинг Эронга зарба бериш таҳдиди ортидан олтин ва нефт кескин қимматлашди.
© SI asosida yaratilganАҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликнинг ортиши бозорларда саросима келтириб чиқарди ҳамда нефт ва олтин нархининг кескин кўтарилишига сабаб бўлди. Бу ҳақда «CNN» телеканали хабар бермоқда.
19 феврал куни нефт нархи сўнгги етти ой ичидаги энг юқори кўрсаткичга етди, олтин эса яна бир бор троя унцияси учун 5 000 долларлик довондан ошиб ўтди.
«Brent» навидаги нефт 1,86 фоизга қимматлашиб, бир баррели учун 71,66 долларни ташкил этди. Американинг «WTI» нефти эса 1,9 фоизга ўсиб, 66,43 долларга етди. Бир кун аввал котировкалар 4 фоиздан кўпроққа ўсиб, октабр ойидан буён энг кучли суткалик сакрашни қайд этган эди. Инвесторлар «хавфсиз активларни» фаол сотиб олишга киришган. Олтин бир кеча-кундузда 2 фоизга, сўнгра яна 0,2 фоизга қимматлашди.
Женева музокаралари самара бермади
Вашингтон ва Теҳрон 18-19 феврал кунлари Женевада Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар ўтказди. Бироқ учрашув натижасиз якунланди. АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнснинг таъкидлашича, Эрон томони Доналд Трамп белгилаган «қизил чизиқлар»нинг бир қисмини тан олмаган.
Шу билан бир вақтда, АҚШ Эрон чегаралари яқинига ҳарбий кучларини ташлади. «The Wall Street Journal» (WSJ) нашрининг баҳолашича, минтақада АҚШ авиациясининг бунчалик кўп тўпланиши 2003 йилдаги Ироққа босқиндан буён кузатилмаган.
Қайд этилишича, Трейдерлар Ҳормуз бўғозидаги вазиятни диққат билан кузатмоқда. Ушбу тор денгиз йўлаги орқали ҳар куни тахминан 20 миллион баррел нефт ташилади, бу эса жаҳон истеъмолининг қарийб бешдан бир қисмини ташкил этади. Денгизда сузиш хавфсизлигига бўлган ҳар қандай таҳдид нархларнинг кескин сакрашига сабаб бўлиши мумкин. Эрон оммавий ахборот воситалари Теҳрон ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказиш сабаби билан бўғозни қисман ёпгани ҳақида хабар тарқатиши ортидан хавотир янада кучайди.
Бозорлар ва инфляция хавфи
Таҳлилчиларга кўра, бозор аллақачон геосиёсий хавф учун қўшимча устамани нархларга кирита бошлаган.
Эроннинг экспорт имкониятлари чекланиши эҳтимоли нефт нархини янада юқорига олиб чиқиши мумкин. Бу эса кўплаб мамлакатларда инфляция босимини кучайтириб, марказий банклар режалаштираётган фоиз ставкаларини пасайтириш жараёнини мураккаблаштириши эҳтимолдан холи эмас.
Америка фонд индекслари ҳам вазиятга пасайиш билан жавоб қайтарди. Dow Jones 0,54 фоизга, S&P 500 — 0,28 фоизга, Nasdaq эса 0,31 фоизга пасайди.
Инвесторлар Эронга берилиши мумкин бўлган эҳтимолий зарбалар янги энергетик шок ва глобал иқтисодий беқарорликка сабаб бўлишидан хавотир билдирмоқда.





