Logo

«Янги кўчатлар кўп йиллик дарахтлар ўрнини босмайди»: Экология қўмитаси кутубхона ортидаги автотураргоҳ лойиҳасига муносабат билдирди

Bugun 21:061 daqiqa

Қўмита ҳудуддаги мавжуд яшил майдон ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказиш зарурлигини билдирди.

«Янги кўчатлар кўп йиллик дарахтлар ўрнини босмайди»: Экология қўмитаси кутубхона ортидаги автотураргоҳ лойиҳасига муносабат билдирди © Foto: Kun.uz

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар ҳудудда автотураргоҳ ташкил этиш ва ҳудудни ободонлаштириш лойиҳаси бўйича ҳозирча экологик экспертиза хулосаси мавжуд эмас. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.

Қўмитанинг таъкидлашича, шу сабабли ҳудудда ҳар қандай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, жумладан дарахт ва буталарга, яшил майдонларга ҳамда тупроқ қопламига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ишлар тегишли экологик баҳолашдан ўтказилмасдан туриб амалга оширилиши мумкин эмас.

Янги кўчатлар кўп йиллик дарахтлар ўрнини босмайди

Лойиҳа режасида ҳудудга 1 000 дан ортиқ дарахт ва бута экилиши қайд этилган.

Экология қўмитасининг билдиришича, янги кўчатлар мавжуд кўп йиллик дарахтлар ва шаклланган яшил ҳудудларнинг экологик, иқлимий ва рекреацион аҳамиятини тўлиқ ўрнини боса олмайди.

«Ҳудуддаги мавжуд яшил майдон ва дарахтларни максимал даражада сақлаб қолиш, уларни тўлиқ хатловдан ўтказиш ҳамда лойиҳа ҳужжатларини белгиланган тартибда экологик экспертизадан ўтказиш зарур», — дея таъкидланади расмий муносабатда.

Бундан аввалроқ Урбанизация миллий қўмитаси ҳам мазкур лойиҳага муносабат билдириб, шаҳар марказидаги мавжуд яшил ҳудудлар қисқариши, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши учун қулай жамоат жойлари ўрнида конструктив қурилишлар бўлиши мутлақо мақсадга мувофиқ эмаслигини айтган эди.

Teglar