add

Январда инфляция рекорд даражада пасайди

Bugun 19:403 daqiqa

Ўзбекистонда январ ойи учун инфляция маълумотлари эълон қилинди. Йиллик инфляция очиқ маълумотлар бўйича 2016 йилдан бери энг паст даражага тушди.

Январда инфляция рекорд даражада пасайди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январ ойида инфляция 0,7 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда. 


Йиллик инфляция 7,2 фоизгача пасайиб, очиқ маълумотлар бўйича (2016 йилдан бери) энг паст даражага тушди. 2025 йилнинг худди шу пайтида бу кўрсаткич 9,9 фоиз эди. 


Инфляция 7,2 фоизгача пасайган бўлса, бунда буёғига бу кўрсаткич яна пасайиб бориши кутилмоқда. Сабаби Марказий банкнинг асосий мақсади 5 фоизлик инфляцион таргетга эришиҳ.

Бунга 2027 йилнинг охирида эришиш режа қилинмоқда.

Озиқ-овқат нархлари


Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар 0,8 фоизга қимматалаган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,4 фоизга кўтарилди. 


Январда асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан қўй гўшти 1,6 фоизга, суяксиз мол гўшти 1,1 фоизга, парранда гўшти 1,5 фоизга, хом сут 1 фоизга, тухум 0,6 фоизга қимматлади. 


Асосий мева-сабзавотлардан январнинг ўзида булғор қалампири (18,5 фоиз), банан (6,3 фоиз), лимон (4,9 фоиз), карам (3,8 фоиз) ва картошка (1,9 фоиз) нархи сезиларли ошди. Мандарин (2,4 фоиз), апельсин (2,3 фоиз) ва помидор (2,1 фоиз) сезиларли арзонлади. 


rasm


Транспорт бўлими


Ўтган ойда бензин нархлари ўртача 0,6 фоизга кўтарилди. Бунда АИ-92 0,6 фоизга, АИ-95 0,4 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 0,3 фоизга қимматлади. 


Пропаннинг нархи ойдавомида 8,9 фоизга ошиб, 1 литрининг юқори нарх чегараси 8 500 сўмни ташкил қилди. Пропан бўйича йиллик нархлар ўсиши 12,3 фоизга етган


Метан нархи сезиларли ўзгармади ва 0,1 фоизга ошди. Бироқ, нарх 2025-йил бошига нисбатан 30,2 фоизга юқори даражада сақланиб қолди. 


2026-йил январидан бошлаб ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар, ҳайдовчилик дарслари, имтиҳонлари ва гувоҳномасини олиш нархлари ўртача 5,0 фоизга қимматлади. 


1 январдан суғурта хизматлари нархи кескин ошди. Бу эса суғурта ва молиявий хизматлар бўлими инфляциясини 40,8 фоизга етишига олиб келди. 

2026 йилдан янги методика қўлланилмоқда


Ўзбекистонда инфляция маълумотлари ҳар ойнинг биринчи санасида эълон қилиниб келаётган эди. 


2026 йил январдан бошлаб Миллий Статистика қўмитаси истеъмол нархлари индекси (ИНИ) ни ҳисоблашнинг янгиланган методологиясини жорий этди. 


Шу пайтгача фойдаланилган методда инфляция бўйича маълумотлар ҳар ойнинг биринчи санасида эълон қилинар эди. Маълумотларни йиғиш даври эса 11 кунни ташкил қиларди. 


Статистика қўмитаси маълум қилишича, янги метод билан истеъмол нархлари бўйича маълумотларни йиғиш даври 25 кунгача узайтирилади. Ойнинг 1-санасидан 25-санасигача маълумотлар йиғилади. 


Бунда ойнинг 1-кунидан 7-кунигача хизматлар соҳаси бўйича, 8-кунидан 14-кунигача ноозиқ-овқат товарлари ва 15-кунидан 25-кунигача озиқ-овқат товарлари кузатилади.


Натижада, маълумотларни эълон қилиш муддати эса ҳар ойнинг биринчи санасидан бешинчи санасига ўзгартирилди. Эндидан маълумотлар ҳар ойнинг 5-санасида эълон қилинади. 

Teglar

Fozil Qambarov

Fozil QambarovMaqolalar soni: 55

Barchasi

Mavzuga oid