Logo

ЕИ Канадага «ассоциациялашган аъзо» бўлишни таклиф қилди. Трамп қарши

Bugun 14:245 daqiqa

Вазият Вашингтон эътиборидан четда қолмади, Оқ уй раҳбари таклиф қабул қилинса, Европа товарларига жуда юқори божлар жорий қилиш билан таҳдид қилди. Карнининг «долларга доллар, ставкака ставка» деб таърифлаган Канаданинг жавоб божларидан АҚШдан олиб кириладиган юзлаб турдаги маҳсулотлар зарар кўрмоқда. Уларнинг умумий қиймати қарийб 20 млрд долларни ташкил этади.

ЕИ Канадага «ассоциациялашган аъзо» бўлишни таклиф қилди. Трамп қарши © abcnews.com

«Мен Канада учун ЕИ эшикларини очиш ва уни иттифоқнинг биринчи ассоциациялашган аъзоси қилиш имкониятини муҳокама қилмоқчиман», — деди фон дер Ляйен.

Унинг сўзларига кўра, ЕИ ва Канада ҳозирнинг ўзида Украина, мудофаа, хомашё ҳамда етказиб бериш занжирлари каби масалаларда ҳамкорлик қилмоқда.

Энди томонлар бу алоқаларни янада кучайтириб, «умумий фаровонлик ва иқтисодий хавфсизлик макони»ни яратмоқчи.

Фон дер Ляйен, шунингдек, юқори технологиялар, мудофаа саноати, Арктика, муҳим фойдали қазилмалар, аккумулятор ишлаб чиқариш, сунъий интеллект ва квант киберхавфсизлиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришни таклиф қилди.

«Бу ҳамкорлик ҳеч кимга қарши эмас, балки умумий кучимизни ошириш учун», — деди Еврокомиссия раҳбари.

У ЕИ Канада билан муносабатларни «имкон қадар юқори даражага» олиб чиқмоқчи эканини таъкидлади.

Ассоциациялашган аъзо нима дегани?

ЕИ қонунчилигида ҳозирча «ассоциациялашган аъзо» деган расмий мақом мавжуд эмас. 16-сентябр куни «Financial Times» нашри ЕИ давлатлари Канаданинг иттифоқ тузиш ҳақидаги ташаббусига катта қизиқиш билдирмаганини ёзди. Бунга Канада бош вазири Марк Карни АҚШ ва Хитойга қарши ҳамкорликни кучайтиришга чақиргани ҳам сабаб бўлган.

13-сентябр куни «The Wall Street Journal» Марк Карни АҚШ билан муносабатлар ёмонлашаётган бир пайтда Канадани Европа Иттифоқига сезиларли даражада яқинлаштирмоқчи экани ҳақида ёзди.

Карни бу масалани бир неча ой давомида Франция, Германия, Италия ва бошқа Европа давлатлари раҳбарлари билан муҳокама қилган.

Бироқ Канада аввалроқ Европа Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлишни режалаштирмаётганини билдирган эди.

2025-йилнинг июн ойида Карни Канада ЕИга қўшилмаслигини айтган. Шу билан бирга, у Оттава Европа Иттифоқи билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишни исташини билдирган ва Канадани «Европага кирмайдиган давлатлар ичида энг европалашгани» деб атаган.

Ўша пайтда Канада ва ЕИ мудофаа соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзолаган. Томонлар денгиз хавфсизлиги ва киберхавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга келишиб олган.

Трамп қарши

Вазият Вашингтон эътиборидан четда қолмади, АҚШ президенти Доналд Трамп Европа Иттифоқи Канадага блокнинг биринчи ассоциациялашган аъзоси мақомини бериш таклифини қабул қилса, унга қарши чоралар кўриш билан таҳдид қилди.

«Агар улар буни амалга оширса, агар мен буни душманона ҳаракат деб ҳисобласам, жуда жиддий божлар жорий қиламан ёки Европа билан кўплаб товарлар бўйича савдони тўхтатаман», — деди Трамп журналистларга.

У бу таклифни «кулгили» деб атади.

«Агар бу яхши ният бўлса, унда ҳаммаси жойида. Агар ёмон ният бўлса, Европа товарларига жуда юқори божлар жорий қиламиз», — дея қўшимча қилди у.

Франциянинг Европа ишлари бўйича вазири Бенжамин Ҳаддад АҚШ ЕИнинг геосиёсий қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга эмаслигини айтди.

«АҚШ — ва бошқа ҳеч ким — европаликларнинг сиёсий ва геосиёсий йўналишини танлаш ҳуқуқига эга эмас», — деди у «Public Senat» телеканалига.

«Reuters» агентлигига исмини ошкор қилмаган европалик дипломат эса шундай деди:

«Яхшиямки, шу вақтга келиб президент Трампнинг ҳар бир баёнотини жиддий қабул қилмасликни ўргандик».

Трампнинг навбатдаги таҳдидлари ҳақидаги саволга Карни иттифоқ Европа, Канада ва АҚШнинг суверенитетини кучайтиришини айтди.

«Кучлироқ, барқарор ва суверен Канада АҚШ учун янада самарали ҳамкор бўлади. Худди шу гапни Европа Иттифоқи ҳақида ҳам айтиш мумкин», — деди у.

Америка ўрнига

Карнининг Европага сафари август ойида Канада ва АҚШ ўртасидаги савдо музокаралари муваффақиятсиз якунланганидан кейин бошланди. Шундан сўнг икки томон бир-бирининг товарларига божлар жорий қила бошлади.

Ўтган ҳафта Канаданинг бир қатор Америка товарларига нисбатан жорий қилган божлари кучга кирди. Бу АҚШнинг Канада маҳсулотларига 50 фоизлик бож жорий қилганига жавоб бўлди. Канада томонидан жорий этилган 15 фоиздан 50 фоизгача бўлган жавоб божларига пўлат ва мебелдан тортиб футболкаларгача бўлган кўплаб Америка маҳсулотлари тушади. Уларнинг умумий қиймати қарийб 20 миллиард долларни ташкил этади.

АҚШ ва Канада расмийлари келишувга эришишни истагини айтмоқда. Бироқ август охирида музокаралар тўхтаганидан бери уларни қайта бошлаш бўйича ҳеч қандай силжиш кузатилмаган.

Ҳозир АҚШда Канада автомобиллари ва юк машиналари, шунингдек, Канада пўлати, алюминийи ва ёғоч маҳсулотларига 25 фоизлик бож амал қилмоқда. Август охирида Трамп сут маҳсулотлари, алкогол, хоккей таёқчалари ва атир-упа каби бошқа маҳсулотларга ҳам 50 фоизлик янги божлар жорий қилди.

Карнининг «долларга доллар, ставкака ставка» деб таърифлаган Канаданинг жавоб божларидан АҚШдан олиб кириладиган юзлаб турдаги маҳсулотлар зарар кўрмоқда. Ушбу божлар Канада АҚШдан олиб кириладиган, Канада, АҚШ ва Мексика ўртасидаги эркин савдо келишувига мос келмайдиган автомобил ва юк машиналарига аввалдан жорий қилган жавоб божларига қўшимча тарзда киритилди.

Сентябр бошида Карни Канада ҳали ҳам ҳар икки давлат манфаатларига жавоб берадиган «узоқ муддатли» келишувга умид қилаётганини айтди. Карни Канада савдо йўналишларини диверсификация қилишга ва келгуси ўн йил ичида АҚШга тўғри келмайдиган савдо ҳажмини икки баравар оширишга ваъда берди. Июл ойидаги маълумотларга кўра, Канада экспортида АҚШнинг улуши савдо урушигача бўлган ўртача 75 фоиздан 66 фоизгача тушган.

Кимга фойдали?

Фон дер Ляйеннинг баёноти айрим кузатувчиларни ҳайрон қолдирди. Чунки ЕИ Германиянинг май ойида Украинага тўлақонли аъзоликка ўтишдан олдинги босқич сифатида ассоциациялашган аъзо мақомини бериш ҳақидаги таклифига унчалик илиқ муносабат билдирмаган эди.

ЕИ тарихан ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган мослашувчан иттифоқларга эҳтиёткорлик билан қараб келган. Канада билан ассоциациялашган аъзолик бўйича қарорни эса фон дер Ляйеннинг ўзи эмас, ЕИга аъзо давлатлар қабул қилади.

ЕИ дипломатларидан бири фон дер Ляйеннинг таклифидан ҳайратда қолганини айтиб, «аслида ҳеч ким бу нимани англатишини билмайди», деди.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Европа комиссияси раҳбари «ҳаддан ташқари катта ваъдалар бераётгани ва уларни бажара олмаслиги» мумкинлигидан хавотирлар бор. Фон дер Ляйен ўз нутқида ЕИ ва Канада барча соҳаларда ҳамкорлик қилишини айтди.

«Биз ақлли ишлаб чиқариш устида ишлаймиз. Технологик иттифоқ тузамиз. Мудофаа саноати базаларимизни бирлаштирамиз. Арктикани ҳамкорликдаги асосий лойиҳага айлантирамиз. Ҳамкорликлар — Европа учун стратегик танлов. Шу билан бирга, улар халқаро тизимдаги ва қоидаларга асосланган тартибдаги бўлинишга жавоб ҳамдир», — дея қўшимча қилди у.

17-сентябр куни яна бир европалик дипломат бу таклифни «муваффақиятсиз таклиф, у ҳеч қачон аъзо давлатлар билан муҳокама қилинмаган», деб атади.

«European Policy Centre» таҳлил маркази ижрочи директори Фабиан Зулег «Reuters» агентлигига берган интервьюсида ҳар икки томон учун ҳам катта иқтисодий фойда бўлишини кутмаётганини айтди. Бироқ у Трампнинг иқтисодий босимига қарши «биргаликда ҳаракат қилиш» ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш борасида ҳамкорлик қилиш имконияти борлигини таъкидлади.

Аммо унинг сўзларига кўра, асосий хавфлардан бири — айтилган гаплар аниқ амалий ҳаракатлар билан давом эттирилмаслиги. Бу эса «охир-оқибат бизни кучлироқ эмас, балки заифроқ қилади».

Teglar

Mavzuga oid