Logo

«Йилига 150 млн доллар сарфлаяпмиз» —Дилшод Султонов 1 фоизлик солиқ кешбекини тезроқ бекор қилишга чақирди

Bugun 11:264 daqiqa

Фискал таҳлиллар институти директорининг ўринбосари Дилшод Султонов 1 фоизлик солиқ кешбеки тизими кутилган мақсадга эришганини, энди эса уни сақлаб қолиш давлат бюджети учун ортиқча харажатга айланаётганини билдирди. Унинг фикрича, мазкур амалиёт қанча тез бекор қилинса, шунча яхши.

«Йилига 150 млн доллар сарфлаяпмиз» —Дилшод Султонов 1 фоизлик солиқ кешбекини тезроқ бекор қилишга чақирди © Toshkent viloyati hokimligi

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти директорининг ўринбосари Дилшод Султонов 1 фоизлик солиқ кешбеки тизимини тезроқ бекор қилишни таклиф қилди.

Унинг таъкидлашича, амалдаги кешбек маблағларининг катта қисми чек бериш тартиби аллақачон йўлга қўйилган йирик савдо ва умумий овқатланиш тармоқларига тўғри келмоқда.

«Кешбек тўлаш тизими қанча тез бекор қилинса, шунча яхши. Чунки 80 фоиз пул шундоқ ҳам чек берадиган ташкилотлар (мижозлари)га кетяпти — булар катта супермаркетлар, катта овқатланиш шохобчаларига тўғри келади. Шу сабабли кешбек тизимини олиб ташлаб, фуқаролар ўртасида ютуқли ўйин ўтказишни таклиф қиляпмиз. Ҳозир 20 млн сўмгача қийматдаги чекларни уриш мумкин, бу лимитни олиб ташлайлик, одамлар исталганча чек урсин ва лотерея асосида 200 млнлик машина берайлик», — деган у Kun.uz'га берган интервьюсида.

«Йилига 150 млн доллар сарфлаяпмиз»

Дилшод Султоновнинг айтишича, институт 20 фоиз солиқ тўловчиларнинг назоратини таъминлаш учун давлат бюджети ҳисобидан ҳар йили 150 млн доллар сарфлашни самарали деб ҳисобламайди.

«Бу бошидан вақтинчалик чора эди, одамларда чек сўраш маданиятини шакллантирмоқчи эдик. Ўйлайманки, бу самара берди. Ҳозир ўғриликлар кўпайяпти, қалбаки чекларни ўтказиш ҳолатлари бор, чекларни сотиш бошланди. Йилига 150 млн доллар кешбек тўланяпти, бу 120 ўринли 300 та боғча дегани», — деди у.

12 фоизлик ҚҚС қайтариш тартиби сақланиб қолади

Унинг сўзларига кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун озиқ-овқат ва тиббий хизматлар бўйича амал қилаётган 12 фоизлик ҚҚСни қайтариш тартиби сақлаб қолинади.

Хусусан, қўй, мол ва парранда гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ҳамда тиббий хизматлар бўйича амалга оширилган харидларда одатдаги 1 фоизлик кешбек ўрнига тўланган қўшилган қиймат солиғининг тўлиқ миқдори қайтарилиши амалиёти бекор қилинмайди.

«Биз ҳаммага бирдек гўшт учун ҚҚСдан имтиёз бера олмаймиз, камбағал қатлам ҳафтасига ярим кило гўшт олса, бойлар бир ҳафтада 5–10 кг олиши мумкин. Бу имтиёз бойлар учун хизмат қилишига сабаб бўлиши мумкин. Бу тизим мақсадли ишлагани учун у давом этади, фақат такомиллаштирамиз. Сабаби сохта чеклар орқали ҚҚСни қайтариб олиш ҳолатлари авж олди», — дейди Дилшод Султонов.

Институт маълумотларига кўра, 2022 йилда 1 фоизлик солиқ кешбеки учун 820 млрд сўм тўланган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 1,8 трлн сўмга етиши мумкин. Шу билан бирга, 2026 йилда давлат бюджети ҳисобидан боғчалар қурилиши учун ажратилиши режалаштирилган маблағ 900 млрд сўмни ташкил этади.

Кешбеклар қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айланди?

Vaqt.uz аввалроқ Ўзбекистонда кешбек пуллари қандай схемалар орқали фирибгарлар бизнесига айлангани ҳақида ёзганди.

Унда қайд этилишича, кўпчилик ҳолатларда айнан бир хил схема қўлланилган. Аввало, ишсиз ёки номига директор бўлишга рози бўлган фуқаролар номига ўнлаб МЧЖлар очилган. Кейин ушбу корхоналар бир-бирига юзлаб миллиард, ҳатто триллион сўмлик электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирган. Ҳужжатларда ун, ёғ, шакар ёки гўшт каби маҳсулотлар сотилгани кўрсатилган бўлса-да, амалда ҳеч қандай маҳсулот мавжуд бўлмаган.

Қоғоздаги ана шу «харидлар» кейинги босқич учун асос бўлиб хизмат қилади. Корхоналар назорат-касса машиналари орқали минглаб фискал чеклар чиқаради. Тизим буларни ҳақиқий харид сифатида қабул қилади ва Солиқ иловаси орқали автоматик равишда кешбек ҳисоблай бошлайди.

 

Фирибгарлар тизимдан бир қадам олдинда

Кешбек фирибгарлигининг муваффақиятли ишлашига имкон берган энг муҳим омиллардан бири — «назорат ва тўлов жараёнлари ўртасидаги вақт тафовути» бўлди.

Тизимда кешбек маблағлари қисқа муддат ичида ҳисоблаб берилади. Аммо корхонанинг ҳақиқатан ҳам маҳсулот сотгани, электрон ҳисоб-фактураларда кўрсатилган товарлар мавжудлиги ёки улар бўйича пул ўтказмалари амалга оширилганини текшириш кўпинча кейинроқ — режа асосидаги солиқ текширувлари давомида аниқланади.

Фирибгарлар эса айнан шу «форточка»дан фойдаланган.

Аввал бир неча корхона рўйхатдан ўтказилади. Сўнг улар ўзаро юзлаб миллиард, ҳатто триллион сўмлик сохта электрон ҳисоб-фактураларни расмийлаштиради. Кейинги босқичда назорат-касса машиналари орқали минглаб фискал чеклар яратилади ва улар асосида Солиқ иловасида кешбек ҳисобланади. Маблағлар банк карталарига ўтказилиб, нақдлаштирилгач ёки бошқа ҳисоб рақамларига чиқарилгач, корхоналар фаолияти амалда тўхтатилади ёки ташлаб кетилади.

Натижада назорат органлари текширувни бошлаган пайтда пул аллақачон тизимдан чиқиб кетган бўлади.

Teglar

Mavzuga oid