Cobalt сотуви тўрдан бирга қисқариб кетди
2026-йилда ҳам UzAuto Motors’нинг бозордаги улуши қисқаришда давом этмоқда. BYD сотуви сезиларли ошди.

Ўзбекистонда 2026-йилнинг январ–февраль ойларида ишлаб чиқарувчилар томонидан жами 57 512 дона автомобил сотилди. Бу ҳақда UzAuto Motors хабар бермоқда.
Йил бошида сотилган автомобилларда UzAuto Motors компаниясининг улуши 52 фоизни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 0,3 фоизга камроқ.

Маҳаллий автомобил бозоридаги ўсиш 14,2 фоизни ташкил қилган бўлса, UzAuto Motors’да бу рақам 13,5 фоиз бўлди. Бу даврда BYD Uzbekistan 61 фоизлик кескин ўсишни кўрсатди.
Шунга қарамай, UzAuto Motors ҳамон маҳаллий бозорнинг ярмидан кўпини эгаллаб турибди. Бироқ статистика эълон қилиш бошланган 2024 йил ўртасида компаниянинг бозордаги улуши 89 фоиз эди.
Автомобиллар сотуви қандай бўляпти?
Икки ой давомида 2025-йилга нисбатан Cobalt сотуви 25,1 фоизга, яъни тўрдан бирга қисқариб кетди — 15 мингдан ошиқ автомобил сотилди. Аммо Cobalt ҳамон энг оммабоп автомобил сифатида ўз ўрнини сақлаб турибди.

Шунингдек, BYD Song Pro DMI (-83 фоиз), Kia Sorento (-56 фоиз) ва Malibu (-52 фоиз) сотуви солиштирилаётган даврда сезиларли камайди.
Энг катта ўсиш эса BYD Yuan Up’да кузатилди — 530 фоиз. Ўтган йил бошида бу русумдаги автомобиллардан 216 дона сотилган бўлса, 2026 йилда 1 360 дона сотилди.
Бундан ташқари, Onix (+223 фоиз) ва Tracker (+133 фоиз) ҳам сезиларли ўсиш қайд этди.
Статистикада фақат Ўзбекистонда йиғилган ёки ишлаб чиқарилган автомобиллар инобатга олинган.





