Бухорода янги халқаро аэропорт қурилиши учун тендер эълон қилинди

Bugun 10:552 daqiqa

Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, янги аэропорт Бухоронинг йирик транспорт марказларидан бирига айланиши кутилмоқда.

Бухорода янги халқаро аэропорт қурилиши учун тендер эълон қилинди

Бухорода янги халқаро аэропортни қуриш ва бошқариш бўйича давлат-хусусий шериклик асосида тендер эълон қилинди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» ахборот хизмати маълум қилди. Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати, «Uzbekistan Airports», Транспорт вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида Бухоро туманидаги «Қумсултон» массиви ҳудудида янги аэропорт мажмуаси барпо этилиши режалаштирилган. Янги аэропорт ички ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатиши, шунингдек, минтақа учун муҳим транспорт узелига айланиши кутилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил якунига келиб Бухоро халқаро аэропорти 574 мингдан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатган. Йўловчилар оқимининг асосий қисми халқаро қатновларга тўғри келгани қайд этилган.

Янги лойиҳа

Янги лойиҳа доирасида майдони 48,5 минг метр квадрат бўлган замонавий йўловчи терминали қурилади. Унинг ўтказиш қуввати халқаро рейслар учун соатига 1200 нафар, ички рейслар учун эса 400 нафар йўловчини қабул қилиш имконини беради. Шунингдек, кейтеринг биноси, автотураргоҳлар ва юкларга хизмат кўрсатиш майдонлари барпо этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, сиғими 8 минг куб метр бўлган ёқилғи қуйиш мажмуаси қурилиши ҳам кўзда тутилган. Аэродром инфратузилмаси давлат бошқарувида қолади, хусусий шерик эса йўловчи терминали ҳамда унга тегишли инфратузилмани қуриш ва улардан фойдаланиш учун масъул бўлади.

Тендерда аэропорт ва транспорт инфратузилмаси лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига эга барча компаниялар иштирок этиши мумкин.

2024 йил 9 октябрда Президент Шавкат Мирзиёев мазкур аэропорт қурилиши бўйича тақдимот билан танишган эди. Давлат раҳбари янги аэропортда ўтказувчанлик қувватини икки баробар ошириш ва соатига 8 та самолётнинг келиб-кетишига шароит яратиш муҳимлигини таъкидлаган.

Teglar

Mavzuga oid