Аввал бепул берилган «Самарқандкимё» улуши 30 млн долларга сотилди

Bugun 21:153 daqiqa

Инвеститсия мажбуриятларини бажармаган «Ўзкимёсаноат» «Самарқандкимё» заводининг 16,92 фоиз акциясини сотиб олди.

Аввал бепул берилган «Самарқандкимё» улуши 30 млн долларга сотилди

«Ўзкимёсаноат» давлат компанияси «Самарқандкимё» кимё заводининг 16,92 фоиз акциясини 30 млн доллар эвазига сотиб олди. Бу ҳақда ҳукумат комиссияси томонидан Самарқанд вилоятидаги минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши бўйича ўрганиш натижаларида маълум қилинди.

Комиссияга бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлик қилди, йиғилишда бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов ҳам иштирок этди.

Лойиҳа Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этишни назарда тутади. Унинг умумий қиймати 390,5 млн долларга баҳоланмоқда. Ишлаб чиқариш мажмуаси 190,4 гектар майдонда жойлаштирилиши режалаштирилган.

Завод тўлиқ ишга туширилганда йилига 910 минг тонна ўғит ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиши керак. Бу ҳажмдан 370 минг тоннаси фосфорли, 540 минг тоннаси эса мураккаб минерал ўғитларга тўғри келади.

Лойиҳанинг экспорт салоҳияти йилига 50 млн долларга баҳоланмоқда. Шунингдек, корхонада 900 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ҳозиргача лойиҳани амалга ошириш учун 427 млн доллар сармоя жалб этилган. Молиялаштириш манбалари орасида 277 млн доллар кредит маблағлари, 120 млн доллар инвесторларнинг ўз маблағлари ва 90 млн доллар «Ўзкимёсаноат» томонидан киритилган инвестициялар мавжуд.

Лойиҳа доирасида Навоий вилоятида фосфорит рудасини қазиб олиш ва бойитиш ишларини қамраб олган «Neofos» дастури ҳам амалга оширилмоқда. Техник-иқтисодий асослар Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказига юборилган. Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг «Ўзкимёсаноат» томонидан қўшимча 60 млн доллар молиялаштириш имкониятини очиш режалаштирилган.

Ҳозирги ҳолатга кўра, лойиҳалаштириш ишлари 98,6 фоизга якунланган. Асбоб-ускуналарни етказиб бериш даражаси 80,6 фоизни ташкил этган, асосий ускуналар аллақачон олиб келиниб, монтаж ишлари бошланган. Бироқ қурилиш ишлари атиги 34,6 фоизга бажарилган.

Маълумотларга кўра, 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 1954 йилда ташкил этилган «Самарқандкимё» заводи Кипрда рўйхатдан ўтган «Ferkensco Management Limited» компаниясига инвестиция мажбуриятлари эвазига «ноль» қийматда берилган.

Кейинчалик компания Гонконгда қайта рўйхатдан ўтган. Инвестор камида 200 млн доллар сармоя киритиш, янги мажмуани қуриш, қарзларни тўлаш ва 2023 йил 1 июлгача корхонани ишга тушириш мажбуриятини олган эди.

Шу билан бирга, инвестор 500 та иш ўрни яратиш ва йилига 600 минг тонна минерал ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши керак бўлган.

Лойиҳани молиялаштириш учун Россиянинг «Газпром» компанияси жалб этилган, бош пудратчи сифатида эса Enter Engineering иштирок этган.

Бироқ инвестор белгиланган муддатда мажбуриятларни бажара олмаган. Ҳукумат қарорларига кўра, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда акциялар давлатга қайтарилиши мумкин. 2025 йил декабрь ойи охирида давлат «Самарқандкимё» устидан назоратнинг бир қисмини қайта тиклагани маълум бўлди.

Ҳозирги кунда компания акцияларининг 75,06 фоизи Гонконгда рўйхатдан ўтган «Ferkensco Management Limited» компаниясига тегишли бўлиб қолмоқда. Ҳукумат эса стратегик лойиҳаларни якунлаш учун янги инвесторлар жалб этиш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда. «Самарқандкимё» негизида амалга оширилаётган «Neofos» лойиҳаси ана шундай муҳим саноат ташаббусларидан бири ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid