Уруш таъсири нефт бозори билан чекланмади: олтингугурт танқислиги муаммоларга сабаб бўлмоқда
Қишлоқ хўжалигидан тортиб микросхема ишлаб чиқаришгача бўлган кўплаб тармоқлар учун муҳим ресурс ҳисобланадиган олтингугурт Ҳўрмуз бўғозидаги инқироз сабаб заводларга етиб бормаяпти.

Эрондаги уруш нефт бозоридан анча ташқарига чиқадиган шокни келтириб чиқарди. Ормуз бўғози орқали кема қатновининг тўхташи олтингугурт етказиб беришни блоклаб қўйди – бу тор соҳали, аммо жуда муҳим ресурс бўлиб, унга қишлоқ хўжалигидан тортиб микросхема ишлаб чиқаришгача бўлган кўплаб тармоқлар боғлиқ. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу сув йўли орқали таъминот занжирларининг узилиши «COVID-19» пандемиясидан бери жаҳон саноати учун энг жиддий таҳдидлардан бири ҳисобланади.
Олтингугурт инқирози: нархлар рекорд даражага чиқмоқда
Жаҳондаги олтингугурт экспортининг қарийб 45 фоизи Форс кўрфази мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Бўғоз блокланиши сабаб экспорт деярли фалаж ҳолатга келган.
Дунёдаги энг йирик истеъмолчи бўлган Хитойда шу ҳафта олтингугурт нархи 15 фоизга ошиб, бир тоннаси учун 672 долларгача етди ва бу рекорд кўрсаткичга айланди.
Муаммо фақат товарнинг етишмаслигида эмас, балки кемаларни буюртма қилишнинг ҳам имкони йўқлигидадир. Кема эгалари кемаларни минтақага юборишдан қўрқмоқда, чунки улар ёқилғи билан таъминлана олиш-олмаслигини билмайди.
«Вазият жуда оғир. Ўтган ҳафта биз бирорта ҳам келишувни якунлай олмадик, чунки ҳеч ким фрахтни қандай қилиб брон қилишни билмаяпти», – дея вазиятни изоҳлади «London Commodity Brokers» бош директори Клайв Мюррей.
Кимлар зарба остида?
1. Ўғитлар ва озиқ-овқат хавфсизлиги (олтингугурт истеъмолининг 60 фоизи)
Ўғитлар ишлаб чиқариш энг кўп олтингугуртга боғлиқ. Инқироз мавсумнинг энг қизғин пайтига тўғри келди. Бу вақтда Шимолий яримшар фермерлари экиш ишларига тайёргарлик кўради.
Карбамид (ўғитнинг яна бир тури) нархи аллақачон 45 фоизга ошиб, бир тоннаси 700 долларга етди.
Энг йирик импортчилар бўлган Марокаш, Хитой ва Индонезия ўзларига керак бўлган олтингугуртнинг камида ярмини айнан Яқин Шарқдан сотиб олади. «Scotiabank» таҳлилчилари огоҳлантиришича, бу ҳолат жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.
2. Яримўтказгичлар ва компютер чиплари
Саноат гигантлари «TSMC», «Samsung» ва «SK Hynix» кремний пластиналарини тозалаш учун олтингугурт кислотасидан фойдаланади.
Олтингугуртдан ташқари яна икки муҳим ресурс таъминоти ҳам хавф остида:
гелий (унинг учдан бир қисми Қатар томонидан таъминланади),
бром (унинг 99 фоизини Жанубий Корея Исроилдан импорт қилади).
Бу эса электроника маҳсулотлари нархининг қимматлашишига олиб келиши муқаррар.
3. Металл қазиб олиш (мис ва никел)
Олтингугурт кислотаси рудалардан металларни эритиб ажратиш жараёни учун зарур.
Африкада, хусусан Конго демократик республикасида йиллик тахминан 3 млн тонна мис ишлаб чиқариш хавф остида қолган.
Дунёда никел қазиб олиш бўйича етакчи бўлган Индонезия ҳам Яқин Шарқдан келадиган олтингугурт импортига жуда кучли боғлиқ ҳисобланади.
Домино эффекти
Бутун дунё бўйлаб 44 000 дан ортиқ компания аллақачон Ҳўрмуз бўғози орқали таъминот узилиши оқибатларини ҳис қилди. Энг кўп зарар кўрганлар Хитой ва Ҳиндистондаги корхоналар бўлди.
«Saudi Aramco» бош директори Амин Нассер вазиятни «вайронкор мозаика» деб атади. Унинг таъкидлашича, таъминотнинг битта канали тўхтаб қолиши ҳатто бир-бирига боғлиқ эмасдек туюлган ўнлаб тармоқларда домино эффектини келтириб чиқаради.





